18.08.2025 18:01
86
Наманганда ҳам болаларга ноқонуний диний сабоқ бераётганлар ушланди
ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Наманганнинг турли ҳудудларида ноқонуний диний сабоқ бериш билан боғлиқ олтита ҳолат аниқланган.
Хусусан, Наманган шаҳрининг Балиқчи кўчасида истиқомат қилувчи 30 ёшли фуқаро кўп қаватли уйларнинг бирида 15 нафар шахсга диний сабоқ бериб келган бўлса, "Маърифат" маҳалласида яшовчи 51 ёшли аёл ўз хонадонида 14 нафар вояга етмаган болага Қуръонни ўргатаётгани маълум бўлган.
Янги Наманган туманида қайд этилган ҳолатда эса 42 ёшли шахс "Меҳнатобод" маҳалласидаги уйида 10 нафар вояга етмаган қизларга ва 3 нафар фуқарога диний таълим бериб келган.
Айни шу каби ҳолат Уйчи туманининг "Машад" маҳалласида ҳам кузатилган.
Таъкидланишича, бундай қонунбузарликлар Тўрақўрғон ва Наманган туманларида истиқомат қилувчи 50 ва 44 ёшли 2 нафар шахс томонидан ҳам содир этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳамон 18 ёшдан кичик болаларнинг диний таълим олиши учун ҳеч қандай қонуний йўл мавжуд эмас.