10.06.2025 18:28
128

Мирзиёев Украина ва Фаластин масаласига тўхталди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлаб, жаҳонда қуролланиш пойгаси авж олаётганини айтиб ўтди. 

Унга кўра, йирик мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан бир ярим баробар ортиб, 2,5 триллион долларга етган. Иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги туфайли жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари эса кетма-кет уч йил давомида пасаймоқда.

"Минг афсуски, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашмоқда. Энг ачинарлиси, инсоният учун энг долзарб муаммолар – озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгаришлари каби масалаларга эътибор камаймоқда. Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Биз Украина билан боғлиқ вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз ва Истанбулда бўлиб ўтаётган тўғридан-тўғри музокараларни олқишлаймиз.

Шу билан бирга, кўпдан буён чўзилаётган Ғазо фожиасига эътиборингизни қаратмоқчиман. XXI асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу муаммонинг ягона ечими – низони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва қабул қилинган резолюциялар асосида адолатли ҳал қилишдир. Фаластин халқи ўз мустақил давлатига эга бўлишга ҳақлидир", деган президент.

Бундан ташқари, Мирзиёев глобал кун тартибидаги яна бир масала – бу қўшни Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборатлигини таъкидлаган. Бу давлатнинг амалдаги ҳукумати билан халқаро майдонда конструктив мулоқот олиб бориш, унинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.