24.06.2024 08:00
1062

Мирзиёев Путинга ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев Дарбанд ва Маҳачқалъа шаҳарларида содир этилган қуролли ҳужум оқибатида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва фуқаролар қурбон бўлгани муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Шерзод Асадов маълум қилди.
"Ўзбекистон етакчиси Доғистондаги террорчилик ҳужумларини қатъий қоралади ҳамда ушбу таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмаларнинг фаол ҳамкорлигини давом эттиришга тайёрлигини билдирди", – дейилади Асадовнинг хабарида.
Маълумот учун, 23 июнь куни Доғистоннинг Дарбанд шаҳрида қуролланган номаълум шахслар синагога ва черковга ҳужум қилди ва полиция ходимларига ўқ узди. 

Миллий аксилтеррорчилик қўмитасига кўра, тунги амалиёт давомида беш нафар жангчи ўлдирилган.

Бунгача ўлдирилганлар сони олти нафар экани хабар қилинганди – Маҳачқалъада тўрт, Дербентда икки киши. Шу билан бирга, ҳужум қилганлар сони қанча бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Қурбонлар ва жароҳатланганларнинг кўпчилиги – полиция ходимлари. Сўнгги маълумотларга кўра, 15 нафар полициячи ҳамда тинч аҳоли вакилларидан камида икки киши ҳалок бўлган. Шифохоналарга 16 киши ётқизилган.

Ушбу қуролли ҳужум ортидан Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.