15.03.2025 19:30
139

Маст ҳайдовчилар сабаб 4 йилда 322 киши ҳалок бўлди – жазо кучайтириладими?

Сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистонда 600 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси маст ҳайдовчилар сабабли содир бўлган ва 322 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.  


Йиғилишда мутасадди идоралар томонидан Жиноят кодексининг 266 моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклифи муҳокама қилинди. Бу ўзгартиришлар хавфли ҳайдовчиларга, жумладан маст ҳолатда ёки гиёҳванд моддалар таъсири остида ҳайдовчилик қилган шахсларга нисбатан жазони кучайтиришни назарда тутади.  


Шунингдек, йиғилиш давомида қонун лойиҳасини тайёрлаш учун масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ шакллантириш масаласи кўриб чиқилган.


Маълумотларга кўра, факат 2024 йилнинг ўзида ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар томонидан 405 та ЙТҲ содир этилиб, 94 киши ҳалок бўлган. Бу эса аҳоли ўртасида жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда амалдаги қонунларни янада кучайтириш талаби ошиб бормоқда.  


Таҳлилчиларнинг фикрича, маст ҳайдовчиларга нисбатан жазо жиддий кучайтирилмаса, бундай ҳолатлар давом этади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.