Ўзбекистон Сенати чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунни кўриб чиқди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.

Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси, сенатор Анвар Тўйчиев таъкидлашича, сўнгги вақтларда айрим чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган давлатлараро, миллий, диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқи шаъни, қадр-қиммати, тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар ҳамда ҳаракатлар содир этиш ҳаракатлари учраб турибди.

Қонунга кўра, бундан буён Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати юритилади. Ўзбекистон суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига, хавфсизлигига зид бўлган, шунингдек, давлатлараро ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар қилган ёхуд ҳаракатлар содир этган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу рўйхатга киритилади.

Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга киритиш, уни юритиш тартиби Вазирлар маҳкамаси томонидан белгиланади ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади. Рўйхатга киритиш Олий Мажлис палаталари кенгашлари ҳамда махсус ваколатли давлат органларининг тақдимига асосан амалга оширилади.

Рўйхатга киритилган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон ҳудудига белгиланган муддатга киритилмайди ва унга нисбатан қатор чекловлар жорий этилади. Хусусан, 5 йил давомида Ўзбекистон ҳудудига кириши, мамлакат ҳудудида банк ҳисобварақларини очиши, кўчмас мулк сотиб олиши, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиши, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиши тақиқланади.

Ушбу қайд этилган тақиқ ва чекловларни қўллашда рўйхатдаги шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Ўзбекистон ҳудудида жойлашган хусусий мулкини бегоналаштирилиши яъни сотиши ёки ҳадя этиши бундан мустасно.

Агар рўйхатга киритилган шахс чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистонда турган ёки вақтинча яшаётган бўлса, унга мамлакатдан чиқиб кетиши учун 10 кунлик муҳлат берилади. Ушбу шахс белгиланган муддат ичида Ўзбекистондан чиқиб кетмаса ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда депортация қилинади.

Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг рўйхатда бўлиш муддати 5 йилни ташкил этади ва у рўйхатга киритиш учун асос бўлган сабабларни ушбу муддат ичида бартараф этадиган бўлса, муддатидан илгари ушбу рўйхатдан чиқарилиши мумкин.

Қонун Сенат томонидан маъқулланиб, президентга юборилди

Мавзуга алоқадор