24.03.2025 05:47

Исроил Сурия ва Туркия фаоллигидан хавотирда

Исроил хавфсизлик хизматлари Суриядаги вазият ва минтақавий хавфсизликка таъсир қилувчи омиллар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказди. 


Манбаларга кўра, Суриянинг янги ҳукумати жанубий ҳудудлардаги ҳарбий базаларни тиклаш ҳамда мудофаа қудратини мустаҳкамлаш устида иш олиб бормоқда.


Исроилнинг 12 канали хабар беришича, Бош вазир Бенямин Нетаняху яқин кунларда хавфсизлик бўйича махсус йиғилиш ўтказиши режалаштирилган. Унда Суриядаги турк таъсирининг ортиб бораётгани муҳокама қилинади.


Шу билан бирга, Сурия ва Туркия ўртасида мулоқот олиб борилаётгани, музокараларда Палмирага яқин ҳудудларни Туркия армияси назоратига топшириш эвазига Анқара томонидан иқтисодий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинаётгани айтилмоқда.


Исроил доиралари Туркиянинг Палмира ҳудудидаги фаоллигидан хавотирда, чунки бу минтақадаги кучлар мувозанатини ўзгартириши ва геосиёсий вазиятга таъсир қилиши мумкин.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.