17.07.2025 14:59
121
Фарғонада ҳам болаларга диний таълим берганлар жавобгарликка тортилди
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тегишли ташкилотлар ходимлари томонидан Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда ҳужра шароитида диний сабоқ бериш ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Қайд этилишича, Ёзёвон туманининг "Тегирмонбоши" МФЙда яшовчи 34 ёшли шахс яшаш хонадонида 6 нафар вояга етмаган болага июнь ойидан бошлаб диний сабоқ бериб келган. Ёзёвонлик бўлган болаларнинг барчаси мазкур хонадонда яшаб, сабоқ олган.
Қўштепа тумани "Мумтоз" МФЙда яшовчи 50 ёшли шахс 30 июнь куни ўзининг яшаш манзилида ҳужра ташкил этган. У бу ерда Марғилон шаҳрининг Чароғон, Орол бўйича ва Наврўз маҳаллаларида яшовчи 2009, 2013, 2014 ва 2015 йилда туғилган қизларга диний сабоқ беришни йўлга қўйган.
Данғара тумани "Тангриқул" МФЙда яшовчи 62 ёшли шахс яшаш манзилида 2011, 2012 ва 2015 йилларда туғилган 4 нафар болага июнь ойи бошларидан буён диний сабоқ бериб келган.
Бу каби ҳолат Фарғона тумани "Водил" МФЙда жойлашган ўқув марказида ҳам аниқланган. Мазкур ўқув марказида 28 ёшли шахс Фарғона туманида яшовчи шахс 28 нафар вояга етмаган болага диний таълим бериб келган.
Айни пайтда юқоридаги ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб суд идораларига юборилган.