17.01.2024 14:52

Бошқирдистонда фаолнинг қамалиши оммавий норозиликларга сабаб бўлди

Бошқирдистоннинг Баймак шаҳрида экофаол Фаил Алсинов экстремизмда айбланиб 4 йилга қамалиши ортидан минглаб маҳаллий аҳоли норозилик намойишига чиқди.

Маҳаллий аҳолининг суд ҳукмига қарши оммавий норозилиги полиция билан тўқнашувларга уланиб кетди. Полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдаланган.

Алсинов 2023 йилнинг октябрида қўлга олинган эди. Унага қарши жиноят иши эса 28 апрель куни Бошқирдистоннинг Баймак тумани Ишмурзино қишлоғида бўлиб ўтган халқ йиғилишидаги нутқи туфайли қўзғатилди. Тергов маълумотларига кўра, у бошқирд тилидаги нутқи давомида "Кавказ аҳолиси", "Марказий Осиё" ва «Арманлар» сўзларини салбий маънода қўллаган. Жумладан, Алсинов ўз нутқида "арманилар ўз ватанларига, “қора халқлар” («кара халык» - марказий осиёликлар назарда тутилмоқда – таҳр.) ўз юртларига, руслар ўзларининг Рязанларига, татарлар ўз Татаристонига кетсин", деган.

Рус матбуоти маълумотларига кўра, унга қарши жиноят иши республика раҳбари Радий Хабировнинг топшириғи билан қўзғатилган.

11 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида давлат айблови суддан Алсиновни тўрт йилга колонияга ҳукм қилишни сўраган, шундан сўнг Бошқирдистонда экофаолни ҳимоя қилиш ҳаракатлари бошланган.

Фаил Алсинов - Бошқирдистондаги машҳур фаолларидан. У республикадаги кўплаб норозилик намойишларида қатнашган. У, шунингдек, Бошқирдистон суверенитетини ҳимоя қилувчи «Башкорт» миллий ташкилотини бошқарган (2020 йилда ташкилот «экстремистик» деб эълон қилинган, кейин эса тугатилган).

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.