“Ҳаж – 2025” мавсуми қачондан бошланади?
Ўзбекистондаги 2025 йилги Ҳаж мавсуми жорий йилнинг 13 май кунидан бошланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хабар беришича, ушбу санадан эътиборан 28 майга қадар ҳар куни Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади. Зиёратчилар республиканинг 9 та ҳудудидаги – Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан тўғри учади.
Авиапарвозлар 3 та авиакомпания томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари айни пайтда ҳам жадал давом этаётганини маълум қилди. Қайд этилишича, барча зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилган, эмлаш ишлари олиб борилган, гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилган, сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилган ва барча ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Шунингдек, ҳар бир зиёратчига “Ҳаж – буюк ибодатдир” қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, SIM-карта ва қувватлагич берилади.