02.07.2025 13:35
38

Андижонда маст эркак профилактика инспекторини пичоқлади

Андижон вилояти Хўжаобод туманида профилактика инспектори маст фуқаро пичоқлашидан вафот этди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 1 июль куни соат 20:50 ларда Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Юксалиш” маҳалласидаги хонадонда жанжал бўлаётгани ҳақида 102 қисқа рақамига келиб тушган хабар бўйича ҳудуд профилактика инспектори – катта лейтенант А.Абдувалиев маҳалла раиси А.Маматалиев билан бирга воқеа жойига етиб борган.

1960 йилда туғилган фуқаро Юнусали Холбозоров маст ҳолда ўз оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид солаётган бўлган. Уни зарарсизлантириш жараёнида фуқаро қўлидаги пичоқ билан ходимнинг кўкрак қисмига зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган. Олган жароҳати натижасида кўрсатилган ёрдамга қарамасдан, А.Абдувалиев шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “г” банди (ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят кодексига кўра, ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни қасддан ўлдириш 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.