“Аллоҳим, Билол ва унинг шериклари борасида ўзинг менга кифоя қил!”
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларида (634–644) Ироқ ва Шом ерлари фатҳ қилинди. Бу ерларда мусулмон аскарлари мисли кўрилмаган ўлжаларни қўлга киритди. Қўлга киритилганлар орасида мусулмонлар аввал Арабистон чўлларида дуч келмаган мулклар ҳам бор эди. Бу ҳам бўлса, форсликлар ва шомликларнинг Месопотамия (Икки дарё оралиғи) даги суғорма деҳқончиликка мослашган унумдор ерлари эди. Ушбу диёрлар фатҳ қилингач, мусулмонлар олдида бир савол пайдо бўлди: фатҳ қилинган ўлкалардаги деҳқончилик ерлари мусулмон қўшинлари ўртасида ўлжа сифатида тақсимлаб берилиши керакми ёки ўз эгаларида қолиши керакми?
Билол розияллоҳу анҳу ва унинг шериклари Умар ибн Хаттоб
розияллоҳу анҳудан Аллоҳ уларга берган Ироқ ва Шомдаги ерларни бўлиб беришни
сўраб: “Ерларни уларни эгаллаганлар ўртасида худди ўлжани уни қўлга киритган
аскарларга тақсимлаб берганингиздек бўлиб беринг”, дедилар.
Ҳикоянинг давомини ҳанафийлик мазҳабининг буюк фақиҳи, Абу
Ҳанифанинг шогирди Абу Юсуф ўз қаламига мансуб “Китоб ал-харож” асарида
келтиради:
“Умар розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос Ироқни босиб
олганида, унга шундай мактуб ёзди: “Аммо баъд! Одамлар ҳарбий ўлжалар ва Аллоҳ
уларга берган файъ ўлжасини уларга тақсимлаб беришингни сўраётганлари ҳақидаги
мактубинг менга етиб келди. Ушбу мактубим сенга етиб боргач, аскарлар қўлга
киритиб сенга келтирган отлар ва қурол-яроғларни кўздан кечириб, уларни қўлга
киритган мусулмонлар ўртасида тақсимлаб бер. Ерлар ва дарёларни мусулмонларга
қолиши учун ўша ерда яшовчиларга қолдир. Агар уларни қўлга киритганлар ўртасида бўлиб
берсанг, кейингиларга ҳеч нарса қолмайди.
Сенга ким билан тўқнашсанг, улар билан урушишидан аввал
исломга чақиришингни буюрган эдим. Ким сенинг бу чақириғингга уруш бошланишидан
аввал жавоб берса, у мусулмонлардан бўлади. Мусулмонларга бериладиган нарса
унга ҳам берилади ва мусулмонлардан талаб қилинадиган нарса ундан ҳам талаб қилинади,
унга исломдан улуш ажратилади. Ким сенинг бу чақириғингга уруш ва мағлубиятдан
кейин жавоб берса, у ҳам мусулмонлардан бўлади. Лекин унинг моли ислом аҳлига
тегишли бўлади, чунки улар унинг молини исломни қабул қилишидан олдин қўлга
киритганлар. Менинг сенга буйруғим ва васиятим ана шундай!”
Умар одамлардан Аллоҳ мусулмонларга берган Ироқ ва Шом
ерларини тақсимлаш ҳақида маслаҳат сўради. Улар ўз ҳақлари ва қўлга киритган
ерларини ўзларига тақсимлаб берилишини хоҳлашларини айтдилар. Шунда Умар розияллоҳу
анҳу: “Кейин келадиган мусулмонлар ерларни тақсимланган, оталаридан мерос
қилинган ва эгалланган ҳолда унга ишлов бераётганлар (деҳқонлар) билан кўриб
нима қиладилар? Йўқ, бу ечим эмас!” – деди.
Абдураҳмон ибн Авф Умарга: “Ундай бўлса, ечим нимада? Ерлар ва ишлов
берувчилар – Аллоҳ мусулмонларга берган нарса бўлмай нима?” – деди.
Умар: “Сен айтганингдек эмас, мен ундай деб ўйламайман.
Аллоҳ мендан кейин бунчалик кўп нарса қўлга киритиладиган шаҳар фатҳини инъом
қилмайди. Эҳтимол,
мусулмонларга машаққатли кунлар келар. Агар мен Ироқ ерларини унга ишлов
берадиган (деҳқонлари) билан, Шом ерларини унга ишлов берадиган (деҳқонлари)
билан тақсимлаб берсам, чегаралар қандай ҳимоя қилинади? Шом ва Ироқ
аҳолисининг бу ва бошқа шаҳарлардаги фарзандлари ва беваларига нима бўлади?”
Одамлар Умарга ерларни ўзларига тақсимлаб беришини
қайта-қайта сўраб: “Аллоҳ бизларга қиличларимиз воситасида берган нарсани уни
қўлга киритишда қатнашмаган одамлар, уларнинг фарзандлари ва набираларига
қолдирасанми?” – дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Менинг фикрим шундай”,
дейишдан нарига ўтмади. Улар эса: “Маслаҳат ол!” дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу илк муҳожирлар билан маслаҳатлашди ва
уларнинг фикри бир жойдан чиқмади. Абдураҳмон ибн Авф уларнинг ҳақлари ўзларига
тақсимланиши керак деб ҳисобларди. Усмон, Али ва Талҳалар эса Умар билан
ҳамфикр эдилар.
Шунда Умар розияллоҳу анҳу ансорлардан ёши улуғ ва ҳурмати
баланд ўн беш кишига одам юборди. Улар йиғилганларида Умар Аллоҳга у лойиқ
бўлганидек ҳамду сано айтди ва шундай деди: “Мен сизлардан зиммамдаги
ишларингизни адо қилишда менга кўмаклашишингиздан бошқа нарса сўрамайман. Мен
ҳам сизларнинг бирингизман ва ҳақиқат бугун сиз томондадир. Кимдир менга қарши,
кимдир эса мен билан ҳамфикр бўлиши мумкин. Сизлар менинг хоҳишимга
эргашишингизни истамайман, сизларда ҳақиқатни айтадиган Аллоҳнинг китоби бор.
Аллоҳга қасамки, қайси ишни ўз хоҳишим билан айтган бўлсам, бу билан фақат
ҳақни рўёбга чиқаришни хоҳладим”.
Улар: “Гапиринг, эй мўминлар амири, сизни эшитамиз”,
дедилар.
Умар шундай деди: “Бу одамлар ўз ҳақлари борасида уларга
зулм этаётганимни даъво қилаётганини эшитдим. Мен Аллоҳдан зулм қилишдан паноҳ
сўрайман. Агар мен зулм қилиб, уларга тегишли нарсани бошқаларга берсам,
бадбахтлардан бўламан. Мен Кисро ерларидан кейин фатҳ қилинадиган бошқа ерлар
қолмаган деб ҳисоблайман. Аллоҳ бизларга уларнинг моллари, ерлари ва
деҳқонларини ўлжа қилиб берди. Мен улар ўлжа қилиб олган молларни ҳақдорлар
ўртасида тақсимлаб бердим. Ундан бешдан бир улушни чиқариб тегишли ўринларга
юбордим ва бунинг учун ўзим жавобгарман. Мен ерларни деҳқонлари билан
тақсимламай қолдириб, ер учун хирож ва жонлари учун жизя солиғи соламан. Улар
бу солиқларни тўлайдилар, бу эса мусулмонлар, жанг қилганлар, болалар ва
улардан кейин келадиганлар учун файъ бўлади. Чегара ерларида доимо одамлар
бўлиши кераклигини билмайсизми? Шом, Жазира, Куфа, Басра ва Миср каби катта
шаҳарлар қўшин билан таъминланиши ва уларга маош тўланиши кераклигини
билмайсизми? Агар ерлар ва деҳқонларни тақсимлаб берсам, юқоридагиларнинг
таъминоти қаердан олинади?”
Уларнинг барчаси: “Сизнинг фикрингиз тўғри, сиз айтаётган ва
қарор қилган ишингиз қандоқ ҳам яхши. Агар чегаралар ҳамда шаҳарлар қўшин билан
қўриқланмаса ва улар таъминланмаса, куфр аҳли ўз шаҳарларига қайтадилар”,
дедилар...
Одамларнинг аксарияти ерлар тақсимланиши керак деган фикрда
эдилар. Айниқса, Билол ибн Рабоҳ бу фикрда қатъий турди. Умар розияллоҳу
анҳунинг фикри эса у ерларни тақсимламасдан қолдириш эди. Умар: “Аллоҳим, Билол
ва унинг шериклари борасида Ўзинг менга кифоя қил!” деди. Бу ҳолат икки ёки уч
кун ё ундан кўпроқ давом этди. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу: “Мен бунга далил
топдим, Аллоҳ таоло китобида шундай деган: “Аллоҳ ўз Пайғамбарига улардан
ўлжа қилиб берган нарсалар устига сизлар от ва туяларни миниб борганингиз йўқ
(қийналиб қўлга киритганингиз йўқ), лейин Аллоҳ ўз Пайғамбарларини Ўзи хоҳлаган
кимсалардан устун қилиб қўяр. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир” (Ҳашр, 6) – деб,
Бану Назир қабиласи воқеасини эслатди.
Сўнгра қуйидаги оятни ўқиди: “Аллоҳ шаҳарларнинг (кофир)
аҳолисидан ўз Пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар, сизлардан бой-бадавлат
кишилар ўртасидагина қўлма-қўл бўлиб юраверадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун
Аллоҳга, Пайғамбарга ва (у зотнинг)
қариндошлари, етимлар, мискинлар ва мусофирларга тегишлидир” (Ҳашр, 7). Бу
кўрсатма бошқа барча шаҳарлар учун умумийдир.
Кейинги оятни ҳам ўқиди: “(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан
ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган камбағал муҳожирларникидир, зеро, улар
Аллоҳ фазл ва ризолик истайдиган ҳамда Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ёрдам
берадилар. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирдар” (Ҳашр, 8).
Уларни бошқалар билан аралаштириб юбормаслик учун Аллоҳ
таоло шундай деган: “Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда
яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб
келган кишиларни суйгайлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли
ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа
муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас,
ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар” (Ҳашр, 9). Бизга ансорлар
борасида мана шу етиб келган, албатта, Аллоҳ билгувчироқ.
Яна уларни бошқалар билан аралаштириб юбормаслик учун Аллоҳ
таоло шундай деган: “Улардан кейинги (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй,
Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин
ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй,
Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр, 10).
Бу кейинги келадиганларга умумий тегишлидир. Бу файъ
уларнинг ҳаммасига тегишли бўлса, қандай қилиб биз уни ҳозиргиларга тақсимлаб,
кейин келадиганларга ҳеч нарса қолдирмаймиз? Шундан сўнг ерларни тақсимламасдан
қолдириб, улардан хирож олинишига келишилди.
Абу Юсуф айтади: “Умар розияллоҳу анҳунинг фикри – ерларни
фатҳ қилганлар ўртасида тақсимланишини ман қилиш эди. Унинг бу қилган иши Аллоҳ
томонидан берилган ёрдам бўлиб, Аллоҳ ўз китобида баён қилган нарсага мувофиқ
келди.
Хирожни йиғиб уни мусулмонлар ўртасида тақсимлаш фикри барча
мусулмонлар учун хайрли ва фойдали бўлди. Агар шундай қилинмаганида, одамларга
маош ва озиқ-овқат тайинланмас, натижада чегаралар ҳимояланмаган ва қўшин
ҳарбий юришлар учун кучайтирилмаган бўлар эди. Чегара ва шаҳарларда жанг
қиладиганлар ва ёлланма аскарлар бўлмаса, кофирларнинг ўз ерларига қайтиш
хавфидан қандай ҳимояланадилар? Аллоҳ нима хайрли эканини яхшироқ билади!”
* * *
Ушбу ҳикоя исломнинг илк йилларида давлатчиликнинг
шаклланиши ва унда одил, инсонпарвар давлат раҳбари ва сиёсатчи, буюк фақиҳ ва
имом Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг фиқҳий ва сиёсий масалалардаги
маҳоратидан сўзлайди. Биргина ушбу воқеа сиёсатшунослик фанида давлат
раҳбарининг халқ олдидаги мажбуриятлари, қадриятлари ва сиёсий бошқарувдаги
маҳорати ҳақида йирик илмий асар ёзишга арзийдиган ибратларни ўз ичига олади.
Айни вақтда, ислом ҳуқуқи бўйича ҳам, фиқҳий масалаларга ечимида қандай йўл
тутиш борасида кўплаб саволларга жавоб берувчи далил ҳам ҳисобланади.
Умар розияллоҳу анҳунинг ерларни эмас балки ундан олинадиган
хирожни мусулмонлар ўртасида тақсимлаш фикри барча мусулмонлар учун хайрли ва
фойдали бўлганди. Шунинг натижасида, ислом ўлкалари кейинги минг йилликда энг
одилона солиқ сиёсатига эга, ижтимоий муҳтож қатлам давлат томонидан
ҳимояланган, юксак ҳарбий салоҳиятга эга, энг тараққий этган цивилизацияга
айланди. Миллионлаб инсонлар
хафв-ҳатардан, очликдан ва муҳтожликдан омонда бўлди. Ана шулар Умар розияллоҳу
анҳу ва унга замондош мусулмонлар ҳаққига: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва
биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин” деб дуо қилиб
келмоқдалар.
Муҳаммад Зиё