Ҳазрат Навоийни тушуниш сари – Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Одатда ҳар бир мавзунинг мавсуми бўлади. Бизда мумтоз адабиётимизнинг имоми бўлган ҳазрат Мир Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишининг ижодлари ҳақида асосан у кишининг таваллуд кунлари атрофида сўзлаш одат тусига кириб қолган. Бу йил ҳам ушбу муносабат билан анчадан бери кўнгилга тугиб юрган айрим дил сўзларимни сиз азизлар билан ўртоқлашишни ният қилиб юрган эдим.
Навоий шеърияти хусусида гап кетганда бугунги ўзбек жамияти
аъзоларида турлича муносабатлар кўзга ташланади. Кимдир у кишини фақат шоир
сифатида кўрса, кимдир шариат олими ўлароқ ҳам эътироф этади. Бошқа биров у
кишининг ижодини табиат гўзалликларига боғлашга уринса, илм аҳллари унда илоҳий
ишқ наволарини кўра биладилар ва ҳоказо...
Бошқача қилиб айтганда, ҳозирда жамиятимизда мумтоз
адабиётимизга, жумладан, ҳазрат Навоийнинг ижодига нисбатан асосан икки хил
ёндашув бор. Бир гуруҳ кишилар унга меҳр қўйиб, бу улуғ шоирнинг асарларини
қизиқиб ўрганади, лекин исломий илмлардан бехабар бўлганлари учун бу муҳташам
оламнинг гўзалликларини етарлича кўра олмайдилар, хуш ифорларини туя
олмайдилар. Шунинг учун ҳам бўлса керак, бундай кишиларнинг сийратида буюк
адибларимизнинг бебаҳо ўгитларининг инъикосини топиш мушкул. Янада аниқ қилиб
айтсак, бу тоифа одамлар мумтоз адабиётимизда куйланган исломий эътиқод ва
ахлоқларни ўз шахсий ҳаётларида етарлича амалга ошира билмайдилар. Бунга ўтган
даврларда қасддан диндан узоқлаштирилганимиз, адабиётимиз динсизлаштирилгани,
уни ўрганиш тартиби бузилгани, асл манбадан ўрганмай қўйилгани, тасаввуфий
адабиёт истилоҳларини билмаслик каби омиллар ҳам сабаб эканида шубҳа йўқ.
Иккинчи тарафда эса шариат илмларини ўрганган, диний
кўрсатмаларга сидқидилдан амал қиладиган, аммо адабиётдан буткул бехабар, унга
умуман қизиқмайдиган кишилар бор. Бундан ҳам ўтиб, мумтоз адабиётга қизиқиш,
уни ўрганиш у ёқда турсин, улуғ адибларимизнинг истилоҳларини тушунмайдиган,
фақатгина ўз билими доирасига чекланиб олиб, бошқани инкор қиладиган, баъзан
одоб чегарасидан чиқиб, буюк мусулмон шоирлар шаънига ўринсиз гаплар айтишга
журъат қиладиганлар ҳам топилади. Кўпчилик кишилар фақат зоҳир маъноларни
кўради, мажозу кинояларни англай олмайди.
Айтиш жоизки, мазкур ҳолатларнинг ҳеч бири тўғри йўналиш
эмас, уларда у ёки бу томонга оғиш бор. Ҳар ишда бўлганидек, мумтоз адабиётга
ёндашувда ҳам илмийлик ва мўътадилликка асосланиш даркор. Омма халқнинг,
хусусан, ёш авлоднинг мумтоз адабиётдан, хусусан, ҳазрат Навоийнинг шеъриятидан
тамоман бехабарлиги эса жуда ҳам афсусланарли ҳолдир, оғир кулфатдир.
Кўпчилик диндор кишиларда Исломнинг адабиётга муносабати,
унинг динда тутган ўрни ҳақида нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Ҳатто
шеъриятдан тамоман узоқ, уни буткул ёқтирмайдиган аҳли илмлар ҳам топилади.
Уларнинг наздида гўё шеърият Исломда унчалик мақбул нарса эмас, гўё араблар ҳам
мусулмон бўлгач, адабиётга эътибор бермай қўйишган. Баъзи бир кишилар Қуръони
Каримда шоирлар танқид қилинган оятларнинг мазмунини умумийлаштириб, шеъриятга
ўта паст назар билан қарашади. Буларнинг барчаси мавзуни яхши ва холис ўрганмаганликнинг
оқибатидир.
Афуски, бугунга келиб Навоийни тушунадиган аҳли илмлар жуда
ҳам кам, деярли йўқ бўлиб қолди. Ҳолбуки, у кишининг ижодини ўрганишга, тарғиб
қилишга энг ҳақли ва масъул кишилар аслида аҳли илмлардир. Зеро, Қуръон ва
ҳадисни ўрганмай туриб, Навоийни яхши тушуниб бўлмайди.
Ислом илмларидан бохабар кишиларнинг мумтоз адабиётимиздан
узоқ бўлиши, афсуски, улуғ шоирларимизнинг шеърлари нотўғри талқин қилинишига,
қадрсизланишига ҳам замин яратмоқда. Зотан, аҳли илмларнинг ижтимоий-илмий
соҳаларга бепарволиги уларнинг тўғри йўлдан оғишига олиб келади.
Бир куни юртимиздаги Ислом билим юртларидан бирида очиқ дарс
мобайнида адабиёт ўқитувчиси билан талабалар ўртасидаги зиддиятли мунозарага
гувоҳ бўлиб қолдим. Ўқитувчи ҳазрат Навоийнинг бир ғазалини зоҳирий шаклда
талқин қилиб қолди. Табиийки, исломий илмлардан бохабар бўлган талабалар бунга
кескин эътироз билдиришди. Аммо эътирозлар адабиётдан, унинг истилоҳларидан
тамоман бехабар кишилар тарафидан бўлгани, далилга асосланмагани учун
билдирилаётган фикрлар равшанлашмади ва ўқитувчини қониқтира олмади. Бунинг устига, талабаларда адабий завқ, шеърият
истилоҳлари борасида етарли билим бўлмагани боис, улар ҳам ўқитувчининг
фикрларини яхши тушунишмаётган эди. Ўқитувчи ҳам диний илмлардан узоқ
бўлганидан талабаларнинг мақсадини англай олмади. Натижада икки тарафдан ҳам
қўполлик, дилхиралик юзага келди. Бир синф ичида юз берган ушбу ҳодиса аслида
бутун жамиятимиздаги мавжуд ҳолатнинг кичик бир инъикоси эди.
Бир неча йил олдин араб оламида зоҳирпарастлиги, торфикрлиги
билан танилган бир муаллифнинг китобида Робиъа Адавиянинг: «Аллоҳим! Мен Сенга
жаннатингни тилаб ҳам, дўзахингдан қутулиш учун ибодат қилаётганим йўқ.
Билдимки, Сен ибодатга лойиқ ягона Зотсан, шунинг учун ҳам Сенга бандалик
қилгум», деган гапи шаккоклик, кофирликка йўйилганини кўриб, шунчалар ҳам
уқувсиз бўладими одам деган эдим. Яқинда ижтимоий тармоқда ўзбек тилидаги видео
ва битикларда ҳам ҳазрат Навоийнинг айрим шеърларига нисбатан худди шу қабилдаги
муносабатларни учратиб қолдим. Билдимки, ҳатто илм даъвосида бўлганлар ҳам
мумтоз адабиётимиздан жуда олислаб кетибмиз, улуғ аждодларнинг сўзларини
бутунлай тушунмайдиган бўлиб қолибмиз.
Бизнинг мумтоз адабиётимиз Ислом булоғидан суғорилган бўлиб,
Қуръон ва ҳадис маъноларини жуда ҳам гўзал услубда, бетакрор адабий бўёқлар
билан ўзида акс эттирган. Шеъриятимизда Ислом ақийдаси, фиқҳи, ахлоқи,
маданияти ажойиб рангда намоён бўлади. Уларни ўрганиш орқали биз буюк
шоирларимиз Қуръони Каримдан ва набавий суннатдан қандай гўзал маънолар кашф
этганини ўргана биламиз.
Хулоса
қилиб айтганда, бугунги кунда Алишер Навоийнинг ижодини ўрганиш, мумтоз
адабиётимизни тарғиб қилишга доимгидан ҳам кўпроқ муҳтожмиз. Бу борада амалий
чора сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин:
1. Аввало, адабиётимизга унинг асл руҳини қайтариш керак.
Динсизлик тузуми даврида қилинган бу зулмни бартараф этиб, аслига қайтариш
пайти келганига ўттиз йилдан ортди. Аммо ҳануз ўша мудҳиш етмиш йилликнинг қора
булутларини бошимиздан буткул йўқотиб, қуёш нурларидан беармон фойдалана
олмаётирмиз. Шуни билиш лозимки, адабиётимизга иймону исломни қайтармай туриб,
уни тирилтириб бўлмайди. У асрлар оша шу пойдевор билан яшаб келган эди, бундан
кейин ҳам фақат шу асосда яшай олади, чунки у айнан ушбу илоҳий маёқ туфайли
вужудга келган. Бундан бошқача тарғибу ташвиқлар руҳсиз суратдан нарига
ўтмайди. Бу ҳақиқатни бир асрлик тажрибада қайта-қайта кўрдик, бу борада
қайта-қайта куйдик. Энди тезроқ ўзимизга келиб, чин маънода ўзлигимизга
қайтишга тизимли равишда интилишимиз даркор.
2. Адабиётга қизиқиш, ундан баҳрамандлик аввало оилада
бўлиши керак. Уйда ота-она ва бобо-бувилардан ҳикматли шеърларни, зарофатли
сўзларни эшитиб улғайган болаларда адабий кўникма она тили қаторида шаклланиб,
вужудга яхши сингади.
3. Боғча-мактабларда ва кейинги босқичдаги билим юртларида,
шунингдек, диний таълим муассасаларида ҳам мумтоз адабиётни ўргатиш кўламини
кенгайтириб, дарсларнинг савиясини ошириш
керак. Бунинг учун бу фанлардан мактабда ҳам соҳа мутахассислари ‒ айнан
адабиётшунослар дарс бериши керак. Ҳозирда адабиёт дарсини кўп жойларда оддий
ўқитувчилар ўтиб қўя қолади. Шунинг учун адабиёт дарси мактабдан мавжуд
бўлса-да, деярли ҳеч ким уни уқмайди, ўқимайди, натижада ўқувчиларнинг бекор
вақти кетгани қолади, холос. Қайси фан бўлмасин, агар бу дарсни ўз эгаси ўтса,
ўқувчиларни ўзига жалб қила олади ва ўтилган билим уларнинг зеҳнига яхши
ўрнашади.
4. Айрим адабий асарларни тартиб билан ўқитиб, ҳатто ёдлатиб
бориш мумкин. Бу анъана аслида бизда олдин жуда фаол бўлган. Масалан, бола
Навоийнинг «Арбаъин» асарини ҳадислари билан ёдласа, ҳадиси шарифлар билан
бирга қирқта рубоъийни ҳам ўзлаштириш мумкин. Навоийнинг «Сирожул муслимин»,
Бобурнинг «Мубаййан» асарларини ўрганган одам айни пайтда фиқҳдан ҳам анча
масалани билиб олади. Агар Сўфи Оллоҳёрнинг «Саботул-ожизин» китобини шарҳлари
билан пухта ўрганса, ақийда, сулук борасида ҳам анча билимга эга бўлиб қолади.
Бунга ўхшаш адабиётимизда асарлар талайгина.
5. Мумтоз адабиётимизни ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб
берувчи асарларни кўпайтириш керак. Уларни оммабоп шаклда, болалар учун ҳам
тушунарли шаклда нашр қилиш даркор.
6. Ҳар бир ўзбек хонадонида адабиётга доир китоблар, адабиёт
луғатлари бўлиши керак. Фарзандлар уларни оз-моз варақлаганда ҳам ўзлари
сезмаган ҳолда анча нарса билиб олишади.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, 2020 йил февраль.
Мақоланинг
тўлиқ шаклини Islom.uz сайтидан
ўқишингиз мумкин