29.07.2024 18:06
Қуръондаги ғайбий хабарлар: Абу Лаҳабнинг кофир ҳолида ўлиши
“Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам. Мол-мулки ва топган-тутгани (бойликлари) унга асқотмади. Яқинда (у) алангали оловда куяжак. Шунингдек, ўтин ташувчи хотини ҳам. Бўйнида пухта эшилган арқони ҳам бўлур” (Масад сураси, 1–5-оятлар).
Асл исми Абдулуззо бўлган бу кимсага Қуръони карим “Алангали оловнинг отаси” маъносидаги “Абу Лаҳаб” исмини берди. Хотини Умму Жамил ҳар кеча тиканли шохларни тўплаб, дасталар, бўйнига ортганча Пайғамбар алайҳиссаломнинг оёқларига ботсин, озор чексин дея у зот юрадиган йўлларга сочиб чиқарди.
Бу икковининг мусулмонларга етказган ранжу зулмлари ҳақида кўп ёзилган. Шу сабабли биз қуйида мазкур сурадаги ғойибдан берилган хабар ва унинг тўғри чиққани ҳақида гаплашамиз.
Масад сураси Абу Лаҳаб ва хотинининг мушриклигича ўлишини баён этди ва шундай бўлди ҳам. Бу эса ғайбдан хабар беришдир. Оддий одам ғайбни, келажакни билмайди, кимларнингдир оқибатини ҳам белгилолмайди. Модом шундай экан, келажакдан хабар етказган Қуръон Аллоҳнинг каломидир.
Энди мазкур далилга бироз чуқурроқ тўхталамиз. Қуръони карим Абу Лаҳаб ва хотини имонсиз ўлишини ҳамда жаҳаннамга тушишини билдирди. Қуръон Аллоҳнинг китоби эканини тан олмайдиган инкорчи кимса бу саволларга қандай жавоб беради:
1. Абу Лаҳаб Масад сураси тушганидан етти йил ўтгач, вафот топди. Яъни мазкур суранинг оятлари Абу Лаҳаб ўлим тўшагида ётганида нозил қилинмади. Билъакс, унинг етти йилдан кейинги оқибатини баён этди. Агар Қуръон Аллоҳнинг китоби бўлмаса, оддий одам Абу Лаҳабнинг кофир ҳолида ўлишини қаердан билган?
2. Бошида Исломга душманлик қилган одамлар кейинчалик битта-битта мусулмон бўлишди ва Пайғамбар алайҳиссаломга байъат беришди. Уларнинг орасида мўминлар билан урушган Холид ибн Валид, Абу Суфён, Амр ибн Ос каби зотлар, ҳазрат Ҳамзани ўлдирган ҳазрат Ваҳший ва ҳазрат Ҳамзанинг юрагини суғурган ҳазрат Ҳинд ҳам бор эди. Ҳаммалари тавба қилишди ва “ҳазрат”, “саҳоба” мақоми билан эсланадиган инсонлар орасидан жой олишди. Абу Лаҳаб ва Умму Жамилнинг қўлида ҳам табиий равишда шундай имкон йўқ эмасди. Бироқ Қуръон тили билан эр-хотиннинг кофирликда ўлиши эълон қилинди. Қизиқ, ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг пайғамбари ва Қуръон Аллоҳнинг Китоби бўлмаса, Абу Лаҳаб ва хотинининг хунук якунини қаердан билдилар?
3. Оқил киши ўзини ёлғончига чиқарадиган масала юзасидан даъво қилиб чиқмайди. Мавзу ғайбга оид бўлса, оғиз ҳам очмайди. Бир ўйлаб кўринг, Қуръони карим: “Абу Лаҳаб ва хотини имонсиз кетади”, демоқда. Агар бу иккисидан биттаси: “Мен тавба қилдим, мусулмон бўлдим”, десайди, Қуръоннинг хабари ёлғонга чиқарди. Ҳатто мунофиқлик билан “имон келтирдик”, деб қўйишса ҳам, Қуръоннинг ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дурустликлари задаланарди. Яъни Қуръон “кофирлигича ўлади”, деб турган жойда улар мусулмонлигини даъво қилса, Қуръоннинг бу хабарини қандай изоҳлардингиз? Шундай жиддий ҳолатда Қуръон Абу Лаҳаб ва хотини куфрда ўлади деди ва бу хабар етти йил ўтиб ҳақиқатга айланди. Агар Қуръон Аллоҳнинг каломи эмас, одамзот тўқиб чиқарган китоб бўлганида, ўша одам ёлғони очилиб қолишини билатуриб, шундай даъво билан чиқармиди? Албатта йўқ! шундай экан, бу хабарни ва унинг тасдиғини Қуръон Аллоҳнинг Китоби эканлигидан бошқа нима билан изоҳлайсиз?
Қуръон “кофирлигича ўлади” деди ва етти йилда бу амалга ошди. Ашаддий душманлигига қарамай, шунчаки бўлса ҳам, “имон келтирдим”, дея олмаяпти. Ёлғондан бўлса ҳам имон сўзини талаффуз қилолмаяпти. Буни билиш фақат ва фақат замондан муназзаҳлик, бутун замону маконлардан бир вақтда хабардорликдан келиб чиқадики, бу сифат ҳам Аллоҳ таолодан бошқасига хос эмас.
Оятларда Абу Лаҳаб ва хотинининг мушрик ҳолида ўлиши айтилгани ва бу ишнинг содир бўлишини далил сифатида келтириб айтамизки, Қуръон ғайбларни энг яхши билган Аллоҳнинг каломидир.