02.11.2024 22:00

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, давоми)

Марҳум қўмондон, Фаластин озодлик ҳаракати етакчиси, мард жангчи, ўз ватани ва миллатининг содиқ ўғлони Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. Таржимон – Маъмур Мухтор. Боши

***

Кунлар ўтарди, аммо, отам ва амакимдан дарак бўлмасди. Бобом, онам ва келинойимлар, ҳеч бир эркагу аёл қолмаганди, барчасидан улар ҳақида эринмай бирма-бир сўраб чиқдик. Ташвишимиз, қўшниларимиз ташвиши билан бир – ҳамма «Озод Фаластин» таркибидаги ёки кўнгилли жангчилар сафида дараксиз йўқолган яқинларини қидирарди. Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда бир хил умидсизлик, тушкунлик руҳияти ҳукм сурар, одамлар энди яҳудлар уларни не кўйга солишларини билолмай ҳайрону лол эдилар.

Бобом ҳар эрта тонгда ҳассасини олиб, икки ўғлини қидиргани чиқиб кетар, кўчада уларни билгану билмагандан сўрайверди. Қачон мадори қуриб, ҳолдан тойгач, уйга қайтиб келарди. Уруш тугаса ҳам уйларига қайтишмагани сабабли онам ва келинойим бобом қандай янгилик олиб келар экан, дея эшик олдида интизор бўлиб кутиб ўтиришарди. Хўжайинларининг номаълум қисматидан қўрқув ва хавотирдан куйиб-пишардилар. Акаларим, амакиваччаларим нималар бўлаётганини билиб туришарди. Мен бўлсам ҳали-ҳамон атрофимда бўлаётган ишларнинг моҳиятини англашга ёшлик қилардим. Онамларнинг ташвиши ўзларига етарли бўлганидан уйларни супуриб-тозалаш, егулик ҳозирлаш каби хизматларни Фотима опам ўз гарданига олганди.

Бобомнинг отамизни излаб чиқиб кетган кунларининг бирида, шом вақтида ҳам келмагани онамни ташвишга солди. Эшикни очиб мўралаб туравердилар. Охири кўча бошидан бобом бурилиб, кўриниш берди. Ҳассасига суяниб олганидан ҳасса сингудай бўлиб кетган, оёқларини аранг, зўрға-зўрға судраб келарди. Олиб келаётган хабари уларнинг гарданида оғир юк бўлиб, қаддини эгиб қўйгандек эди гўё. Онам Маҳмуд акамга тез бобомнинг олдига чиқишини, ёрдамлашишини буюрди. Акам чопқилаб олдиларига етиб борганида, юзини ёшлари қоплаганини кўриб, нима гап эканлигини билишга ҳаракат қиларди. Уйга етиб келгунларига қадар ҳам бирор калима гапиртиролмади. Ховлига кирибоқ оёқларида мувозанат сақлаб туролмаганидан деворга ёпишиб юра бошлади. Онамлар эса «Нима бўлди?», «Нима гап?», «Қандай хабар олиб келдингиз?», «Ўзи тинчликми?» каби саволларга кўмиб юборишган эди. Чунки ёмон хабар келган бўлиши мумкинлигидан қўрқиб кетишганди. Бобом бирор нутқ сўзлаш у ёқда турсин, ҳаракатлана олмай қолдилар ҳатто. Ҳаммамиз уларни жойларига кўтариб кириш учун баракайига ёпишдик. Ўз жойига ётқизар эканмиз, бобомнинг лаблари орасидан чиқадиган ҳар бир ҳарфга муштоқ бўлиб термулардик.

Онам сопол идишда сув узатганида, бобом уни ушлаб туришга ҳам кучи етмади. Онам тутиб турди, сўнг бир чимдим сувдан юзига бироз сепиб қўйди. Шундан сўнг сал тинчлангандай бўлдию, келинойим тарафга қайғули боқарди. Бу боқиш – шумхабарнинг отамдан кўра амакимга таалуқлироқлигини билдирарди. Келинойим лаблари титраб, мункайган ҳолида паст овоз билан «Нима бўлди, дадажон? Нима гап экан», - деган гапни зўрға айтиб олди. Бобомнинг кўзидан дув-дув ёш оқди. Сўнг ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб, ҳиссиётларини жиловлади. Келинойим бобомнинг айтолмаётган хабарини тушуниб етди-да, додлаб йиғлаб юборди.

«Айтинг, ўғлингиз ҳалок бўлибдими? Эримни ўлдиришдими айтинг?», - деб йиғларди. Бобом фақат "ҳа" ишорасини бериб, бошини силкиб қўйди, холос. Йиғлаш янада авж олди. Ўзини қўлга олишдан ожиз ҳолга тушиб қолган эди шўрлик. Онам ҳам бирга қўшилиб йиғлар, ҳам тасалли берарди. Келинойим эса «Уни ўлдиришди. Эримни ўлдиришди», - дея додларди.

«У ўлмади ҳой, Умм Ҳасан! Ўлгани йўқ, у шаҳид бўлди. Эшитяпсизми, шаҳид бўлди. Шаҳидлар ўлмайди-ку тўғрими? Ўзингизни қўлга олинг! Бўлди, азизам, тинчланинг!».

Булар онамнинг келинойимга тасалли бериб айтган гаплари эди.

Ака-опаларим ҳам, амакиваччаларим ҳам йиғлаётган эди. Мен эса турган жойимда қотиб қогандим. Нима бўлаётганини тушунолмасдим.

Тақ-туқ-тақ” қилиб эшикни қоқиб қолди кимдир. Маҳмуд акам билгани чиқиб кетди, йиғи овозини эшитган қўшнилар хабар олгани кирган экан. Хона тик турган одамларга тўлди. Тасалли беришар, айримлари қўшилишиб йиғларди.

Кунлар ўтар, аммо отамдан ҳануз дарак бўлмасди. У кишини охирги марта кўрганлар тирик бўлганини, кўнгилли жангчилар билан бирга ғарбий тарафга ўтиб кетганини айтишган, холос. Бошқа ҳеч нарса билмасдик. Амакимнинг азаси ўтгач, бобом яна отамни излашга тушди. Шулар отам ҳақида бор тўплаган маълумотлари бўлди. Шундан сўнг уларни излашни бас қилиб, келишини кутишга қарор берди. Тирик бўлса, қаердалигимизни билади, биз эса улар қаердалигини билмаймиз.

Кунлар ўтди, ҳаёт ўтаверар экан. Оддий ҳаётга қайтдик. Ҳаммамиз бошимизга тушган кунларга мослашишимиз даркор эди. Мактаблар қайтадан ўқувчилар учун эшикларини очди. Ака-опаларим, амакиваччаларим мактабга қатнай бошладилар. Онам ва келинойим эрта тонгда туриб, уларни мактабга ҳозирлашар, сўнг олиб боргани чиқиб кетишарди. Мен, эмизилик синглим ва тендош амакиваччам Иброҳим қолардик. Кунлар узайгани сайин бобом кўчага чиқиб, узоқ вақт қайтмайдиган бўлди. Баъзан кечга яқин келаётиб картошка, бақлажон, памилдори, кўкатлар кабиларни кўтариб келарди.

Давоми бор...

Маъмур Мухтор таржимаси

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.