17.12.2024 15:41
“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 14-қисм)
Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 13-қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.
Саккизинчи фасл
Ҳар кун эрта тонгда, соат 7:30 атрофида лагернинг биринчи синфдан то юқори синфгача ўқувчилари мактабларига қараб кетаётган бўлишарди. Бир гала қизларнинг ортидан бир тўда йигитлар, уларнинг орқасидан яна бир тўп қизлар борар, ўқувчилар оқими аралашиб кетмасди. Охир-оыибат йигит-қизларда ишқ-муҳаббат гирдобига тушиш бўлмасди. Сабаби, лагердаги йигитларнинг қўшни қизларга опа-синглисидек муносабатда бўлишлари урф эди. Онам ҳамиша бошқа жинс вакиллари билан муносабатда бўлишимиздан огоҳлантириб келган. Акаларимни қўшни қизларга қиё боқишдан, улар билан муомала қилишдан кўп огоҳлантирганини яхши эслайман. Шунингдек, ўзгаларнинг номусига тажовуз қилишимиз ўзимизга тажовуз бўлишининг бошланиши эканлигини кўп уқтирарди. Шу нарса йўлакларда ўтириб олиб, ойдек бўлиб мактабга кетаётган ё қайтаётган қизларга гап отадиган йигитлардек фикрлашимиздан тўсарди.
Айрим йигитлар шундай, фақатгина бир марта назар ташлаш ёки: «Қаерга кетяпсиз, яхши қиз?» каби шилқимлик билан гап отиш учун ўтиришарди, холос. Баъзи йигитлар чиндан ҳам ёқтириб қолган қизларини учратиб қолармикинман, дея йўл пойлар, юрак тубидан ёзган мактубини олармиканман, деб кутарди. Суйганини бир бора кўриб қолса, ўша кун унинг учун бахтга тўла бўларди. Ҳа, лагердаги инсонлар ҳам қаро кунлари ва бахтсиз кечаларига қарамай, худди бошқа ерлардаги инсонлар каби севади, ошиқ бўлади, бошқа одамлардек яшайди.
Лекин, шубҳасиз, урф-одатларни маҳкам тутиш, қўни-қўшниларнинг қизларига нисбатан ишқий муносабатлар борасида иффат пардаларини қалин тутарди. Шу боис аксар ҳиссиётлари жиловланган бўларди. Аммо айрим йигитлар бу урф-одатларни четлаб ўтишга журъат қилар, қизлар билан ошиқ-мошиқ мактублари ёзишарди. Гоҳида мактабдан қайтаётиб учрашиб ҳам туришарди. Ўзининг йўлидан кетаётгандай севгилисининг ортидан борар, ё ўзини дўстлари билан гаплашиб турганга солиб, мактуб олди-берди қилишарди. Айрим қизлар севган ёри уйининг олдидан ўтадиган вақт деразасини очиб пойлаб турар, йигит севги мактубини деразадан узатиб ўтиб кетарди. Бундай иш қилган қизларнинг кўпи севги мактубини олди-берди қилаётганида ота-онаси томонидан қўлга тушиб қолиб, таъзирини ҳам еган. Бу айтилган севги қиссалари урушдан кейинги лагерда бўлган ўта нодир ҳолатлардир. Камдан-кам бўлиб турарди.
Катталарга келсак, 1948 йилда ишғол қилинган шаҳарларга бориб ишлаш аста-секин оддий ҳолга айланиб қолганди. У ерга ишга қатнашлар сони ортиши билан янги-янги ҳолатлар ҳам кўпайиб борарди. Ҳар эрта тонгда кишиларни овқат солинган халтасини кўтариб ишга шошаётганини кўриш мумкин. Ишчилар узоқ масофани босиб ўтиб, бекатга боришади. Бекатда эса автобус, юк машиналаридан тортиб, енгил такси ҳайдовчиларигача турарди. Униси Яфага, буниси Усдудга, наригиси Тал-Абибга одам йиғаётган бўлади. Ҳар бир такси ҳайдовчиси ўзи борадиган манзилни айтиб, одам чақирарди. Ишчилар қаторлашиб мошиналарга ўтириб, жўнардилар.
Ушбу бекатда нонушта учун ловияли таом таёрлаб сотадиганларнинг бозори чаққон бўларди. Ишчилар егуликларини йўл-йўлакай ўшалардан харид қилиб, йўл устида тановул қилиб кетишарди.
Бу ишчилар қурилиш, деҳқончилик, тозаловчи каби ишларда ёки яҳудлар қийин ва қора деб ҳисоблаган ҳар қандай вазифаларни бажаришарди. Ишларнинг эгаси яҳудий бўлиб, у ишчиларга буйруқлар берар, назорат қилиб, кузатиб туради. Соат ўнда уларга ярим соатли танаффус берилади. Шу вақт ичида егулик тановул қилиб, улгусалар, чой дамлаб, ичиб олишар, сўнг яна ишларига қайтишарди. Соат кечги уч-тўртларда яна ғазолик Ғазога, ғарбий соҳиллик Соҳилга мошина ахтаришга тушарди. Икки-уч соат йўл босиб, толиққан ҳолларида уйларига кириб боришарди.
Яҳудлар ҳафта охири шанба ҳисоблагани ва бу кун учун тайёргарлик кўрганлари учун жума куни соат ўн иккига қадар ишлардилар, холос.
У ерда ишловчиларнинг баъзилари мардикорлик қиларди. Кунлик иш ҳақи олишар ёки ҳафталик ишни келишиб, ҳафта охирида ҳақ олишарди. Ишни якунлагач, эртасига яна ўша мардикорлар турадиган майдонга бориб турарди.
Калта иштон кийган яҳудий машинасида келса, мардикорлар ёпирилиб боришади, уларнинг ичидан ишига муносиб бўлганини танлаб оларди. Кимлардир доимий иш ери топиб ишларди ва ҳаказо.
Иш берадиган яҳудлар билан араб ишчиларининг алоқалари ривожланиб бораркан, йўл юриб хориб қолаётган ишчиларга ҳафта бўйи яшаб туришлари учун жой қилиб бериш бошланди. Шундай қилиб, якшанба куни эрталаб кетиб, жума куни пешиндан сўнг чўнтакларини пул билан тўлдириб, қўлларида Исроилдан олган совға-саломлари билан уйларига кириб келадиган бўлишди.
«Йўл азоби - гўр азоби»
Айрим ишчилар йўл азобидан безор бўлиб, Қалқалия ё Тўлкўримдан уй ижарага олишарди, қолаверса, йўлкирани ҳам шу тарзда тежашмоқчи бўлишарди. Шундай қилиб, фаластинлик ишчилар ўзларининг урф-одатлари, қадриятларига зид бўлган муҳитда ҳафталаб, ойлаб яшаб ишлашарди. Кўпчилиги у ердаги муҳитга паст назарда боқарди. Аммо «гуруч курмаксиз бўлмаганидек», айрим енгилтаклари дарров таъсирланиб, ўшаларнинг кепатасига ўтиб олишарди. Яъни, ароқ ичиб, ёмон аёллар фитнасига учиб, кулублару фаҳшхоналарга борадиган бўлиб қоларди. Нодир ҳолатлардан яна бири - баъзи йигитлар бирор яҳудий қиз билан танишиб, муносабатлари ривожлангач, ўшаларнинг жамиятига монанд равишда яшашга ўтиб кетарди.
Меҳнат муҳожирларининг оқими кўпайиши натижасида яна бир иш туркумига эҳтиёж ошиб борарди. Бу - уларни манзилларига элтувчи киракашлик иши эди. Натижада эрталаб уйидан бекатгача пиёда юриб борадиган ишчиларни бекатгача олиб бориб қўядиган, қайтганларида бекатдан уйларига элтиб қўядиган иш тури ҳам пайдо бўлди. Энди ҳудудда одам ташувчи машиналарнинг ҳам сони ошганди.
Ишчилар ҳаётига оид ҳолатлардан яна бири уйига янги жоҳозлар олган яҳудий раҳбари эскисидан қутилиш учун уларни ишчисига берарди, у эса ўзининг уйига олиб келади ё эски-тускилар сотиладиган ёйма бозорга олиб чиқиб пуллайди.
Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор