03.12.2024 20:04
“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 12-қисм)
Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 12-қисм. Таржимон – Маъмур Мухтор.
***
Учинчи синфга ҳам кўчдим. Вақти-вақти билан мактабимизга хайрия ташкилотларининг тиббий ҳодимлари келиб туришарди. Улар синфларни айланиб, ўқувчиларнинг соғлиқларини текширишарди. Кимдадир витаминлар етишмовчилиги аниқланса ёки жисмонан заифлиги сезиларли даражада бўлса, унинг исми рўйхатларига ёзиб қўйиларди. Бир неча кундан сўнг уларга махсус рухсатнома туширилган карта бериларди. Бу карта билан ўша ташкилот ошхонасидан ҳар куни бир маҳал текинга овқатланиш мумкин бўларди. Бир сафар бизнинг ҳам синфимизга киришганида, шифокорларнинг бири мендан исмимни сўраб, ёзиб олди. Ичимда менга ҳам ўша ердан овқатланишим учун карта беришларини сезиб турардим. Чиндан, менга ҳам ўша картани беришганида хурсандлигимдан бошим шифтга етай деган. Картани олиб уйга қайтарканман, оиламдагиларга хушхабарни етказдим. Шунда Фотима опам менга жаҳл қилиб, «Биз бечораҳол оила эмасмиз», - дея бақириб, қўлимдан картани тортиб олишга ҳаракат қилди. Онам эса, муҳожир эканимизни айтиб, уни олсам бўлавериши мумкинлигини уқтиришга уринарди:
- Биз ўша ташкилотларнинг ҳисобига кун кўряпмиз-ку ахир! Яшаётган уйимизни ўша ташкилот қуриб берган. Ўқиётган мактабингизни ҳам ўша ташкилотлар қуриб берган. Тиббий марказлар ҳам ўша ташкилотларники. Одамларнинг уйлари бузиб ташланганда ҳам ўша ташкилотлар қуриб бердику, тўғрими?!
Фотима опам барибир рози бўлмади. Аммо истамаса-да мени ўз ҳолимга қўйди.
Ҳар куни танаффус вақтида ё дарслар тугаганидан сўнг юзлаб болалар ўша ташкилот ошхонасига бориб, навбатда туришарди. Бу навбат кутиш бир-бирини турткилаш, ғала-ғовурсиз бўлмасди. Ичкарига яқинлашилганида эса болалар сукут қилишга мажбур бўлиб қолардилар. Чунки кираверишда ошхонанинг нозири ўтирволиб, ҳар бир боладан картасини сўрар, саналарни кўздан кечирар ва журналига нималардир ёзиб, сўнг ичкарига ўтказарди. Кираверишда бир бурда нон берилади, кейингиси қўлимизга уч-тўртта ҳовузчаси бор патнис тутқазади. Патнисимизга икки хил таом, ширин гуруч ва мева солиб бериларди. Кейин атрофига курсилар қўйилган хонтахталари бор даҳлизга кириб, ушбу мазали таомларни паққос туширишга ўтардик. Тановул қилиб бўлгач, патнисларни ишчилар ювадиган жой токчасига қўйиб, чиқиб кетардик. Ўша чиқиш эшигида баъзан эркак, баъзан аёл киши ҳар бир болани таомларни ўзи емасдан ташқарига олиб чиқиб кетмаяптими, билиш мақсадида бир сидра тафтиш қилиб ўтказарди. Айрим болалар махсус таомларни ташқарига олиб чиқиб, емасдан чиқиндига улоқтирмасликлари учун шундай назорат қилишарди. Кимдир ташқарига нимадир олиб чиқиб кетмоқчи бўлса, қайтариб, ичкарида еб чиқишга буюрарди.
Амакиваччам - Иброҳим энг яқин дўстларимдан эди. Ҳар доим бирга эдик. Кунларнинг бирида, чоршанба куни қиймаланган гўштли овқат бериладиган махсус кун бўлгани учун унга ҳам ўша қиймадан нон орасига солиб олиб чиқиб беришга келишиб олган ҳолда мен билан ошхонага бирга келди. Чўнтагимга пакет идиш солиб олганман. Ичкарига кириб кетдим, у ташқарида мени кутиб турадиган бўлди. Столга ўтиргач, аста секин қўлимдаги шапирматенинг орасига бояги қиймадан ярмини солиб, пакетга ўрадим-да, уёқ-буёққа боқиб туриб, шимимнинг ичига солиб қўйдим. Овқатни еб бўлгач, ўрнимдан туриб, пакет идиш сотиб қўймаслигига ишонч ҳосил қилиш учун бир текшириб қўйдим-да, одобли болаларга ўхшаб чиқиш йўлаги томон юрдим. Эшик олдидаги хола қўлимни бошимга қўйдириб енгил тинтув қилиб-ла ўтказвора қолди. Мен чопиб чиқиб кетдим. Қўлимни иштоним ичига солволиб, ўнга-чапга қараб Иброҳимни излардим. Шимим ичидан қиймали сендивични чиқарганимни биламан, атрофимда ўша ошхона яқинида яшайдиган ўттизтача безори болалар тўпланиб олишди. У ернинг болаларини «ёввойилар» деб атардик. Жуда безори болакайлар эди. Қўлимдаги сендвични тортиб олиш учун менга ҳужум қила бошлашди. Кучим борича югурдим. Ортимда қувлаб келишарди. Узоқ масофага югургач, улардан узоқлашдим, орқаларига қайтгандир, дея ортимга қарагандим, уларнинг бири отган тоши тўғри учиб келиб кўзимга тегди. Кўз олдим қоп-қоронғу бўлиб қолди. Қўлимдаги сендвич эса ерга тушиб, қумга беланиб кетди.
Ердан олишга урингандим, оғриқнинг кучидан кўнглимга сиғмай қолди. Додлаганча онамнинг олдига бордим. То уйга боргунимга қадар қўлимни кўзимдан олмадим. Уйга кирганимда онам ўрнидан сакраб туриб, қўлимни кўтариб кўзимни қаради ва додлаб йиғлаб юборди. Дарҳол устунга илиб қўйилган рўмолини бошига ўраб, гоҳ мени кўтариб, гоҳ еталаб, гоҳ судраб касалхонага олиб борди. Қийналиб-сиқталиб охири касалхонага ҳам етиб олдик. Кўз касалликлари бўлимига кирганимизда, у ердагилар онамдан суғурта картасини сўрашди. Онам бечора қанчалар ялинмасин, йиғламасин, ёлвормасин, фойдасиз эди. Улар онамга суғурта картасини олиб келсагина мени кўриб даволашларини, бўлмаса, ёрдам бера олмасликларини айтишди. Шундан сўнг онам мени ёғоч курсига ўтқазиб қўйиб, касалхона беркитиб қўймасин дея суғурта картасини олиб келиш учун шошилганча йўлга тушди. Онамнинг шошиб чиқиб кетганидан суғурта картасини олиб келишига амин бўлган ҳамшира мени олдига чақириб, жароҳатимга дока босиб, даволай бошлади. Қонни тўхтатиб, жароҳатга дори қўйгач, дока қўйиб, боғлаб қўйди. Мен онамни қайтишини кутиб ўтирдим. Охири онагинам ҳансираб кириб келди. Ҳамширалар расмиятчиликни якунлашди, онам улардан кўзим ҳақида сўради. Улар хавотирга ўрин йўқлигини, кўзнинг ўзига жиддий шикаст етмаганини айтиб, хотиржам қилишди. Кейин онам мени етаклаб, эркалатиб уйга қайтариб олиб кетди. Сизларга айтсам, ўша кунги энг катта мусибатим бир кўзимга тош теккани эмасди. Мусибатимнинг каттаси - Фотима опам бўлган воқеани эштиб, фурсатни ғанимат билиб, ошхона картамни йиртиб ташлаган экан. Бу қилган иши гўё иккинчи кўзимни ҳам ўйиб олгандек бўлганди ўшанда.
Маъмур Мухтор таржимаси, давоми бор