29.05.2025 15:57
177

Иcтанбул фатҳига 572 йил тўлди ёхуд мақтовга лойиқ бўлган фотиҳ ким эди?

Бугун Константинопол фатҳ этилган кун: ҳижрий 857, милодий 1453 йил йигирма олтинчи робиул-аввалдан бошлаб Муҳаммад Фотиҳ шаҳарни қамал қилди ва ниҳоят, биз хотиралаб турган айни шу кунда, аниқроқ айтганда, йигирма учинчи жумодул-аввал эрта тонгда шаҳарни фатҳ қилишга муваффақ бўлди. Яъни, қамал икки ойга яқин давом этди. Муҳаммад Фотиҳ шаҳарга зафар билан кириб боргач, тулпоридан тушиб, шу ишга муваффақ айлагани учун Аллоҳга сажда қилиб, шукрона айтгани тарих зарварақларига муҳрланди. Шундан сўнг у Аё София черковига борди. Византия халқи ва роҳиблари черковга тўпланиб олишган эди. Муҳаммад Фотиҳ уларга омонлик берди ва Аё София черковини масжидга айлантиришга амр қилди. Биринчи жума намозида фатҳ хутбаси ўқилди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг башоратига сазовор бўлган Султон Муҳаммад, бағрикенглик билан шаҳарни талон-тарож қилишга рухсат бермаган.

Шунингдек, улуғ саҳоба Абу Айюб ансорийнинг қабри олдига бир масжид бино этишга фармон берди. Зеро, марҳум Абу Айюб розияллоҳу анҳу шаҳар фатҳи учун қилинган илк юришда иштирок этиб, шаҳид бўлган ва ўша ерда дафн этилган эди.

Шаҳар фатҳидан кейин фотиҳ тахаллусини олган Муҳаммад Фотиҳ Канстантинополни ўз давлатининг пойтахти қилишга қарор қилади. Канстантинопол номини "Ислом шаҳри", "Ислом диёри" маъноларини англатувчи Истанбулга ўзгартиради.

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос томонидан ривоят қилинган ушбу ҳадисдаги башоратлари рўёбга чиқди:

"Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос айтади: Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ёзиб ўтиргандик, ул зотдан – қайси шаҳар биринчи бўлиб фатҳ этилади, Қустантиниями ёки Румми? дея сўралди. Ул зот

"Ираклининг шаҳри, яъни Қустантиния биринчи фатҳ қилинади", дея марҳамат қилдилар. Ушбу ҳадисни Аҳмад ўзининг "Муснад"ида ва Ҳоким "Мустадрак"ида ривоят қилган ва саҳиҳлиги айтилган.
 
Абдуллоҳ ибн Бишр Хосъамийнинг отасидан қилган ривоятида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари айтилади:

"Албатта Қустантиния фатҳ этилади. Унинг амири нақадар яхши амир, ўша қўшин нақадар яхши қўшин". Яна Бишр айтади: "Мени Маслама ибн Абдулмалик чақириб, сўраган эди, мен унга ҳадисни айтиб бердим, шунда у Қустантинияга ғазот қилди" (Аҳмад ривояти). "Мажмауз завоид"да бу ҳадисга "уни Аҳмад, Баззор, Табароний ривоят қилганлар ва унинг ровийлари ишончлидир", деб шарҳ берилган.

Шундай қилиб, ушбу башорат ҳали йигирма бир ёшдан ҳам ошмаган йигит Муҳаммад Фотиҳнинг қўли билан рўёбга чиқди. Лекин у ёшлигиданоқ бу ишга обдан тайёрланган эди. Зеро, унинг отаси султон Мурод II унга астойдил эътибор берганди. Шу боис, Муҳаммад Фотиҳ ўз замонасининг энг яхши устозлари қўлида таҳсил олди. Улардан бири, Аҳмад ибн Исмоил Гуроний бўлиб, Суютийга кўра, у киши Муҳаммад Фотиҳнинг биринчи муаллими ҳисобланади. Суютий бу ҳақда бундай дейди: "Гуроний фақиҳ олим эди. Ўз замонаси олимлари уни устунлиги ва моҳирлигига гувоҳлик берганлар. Ҳатто Гуронийни ўз замонасининг Абу Ҳанифаси, деб атаганлар".  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Константинопол (Истанбул) фатҳ этилиши ҳақидаги ҳадисларини Муҳаммад Фотиҳнинг ёшлигидан миясига қуйган биринчи зот шайх Оқ Шамсиддиндир. Йигит улғаяр экан, айни фатҳ унинг қўллари билан амалга ошишига интилди. Оқ Шамсиддин Муҳаммад Фотиҳга Қуръон, Ҳадис, Суннати Набавия ва фиқҳ каби асосий илмлар билан бирга, араб, форс ва турк тилларидан ҳам таълим берди. Шунингдек, математика, астраномия, тарих каби бошқа фанлардан ҳам таълим берди. Бундан ташқари Муҳаммад Фотиҳ жанг санъатини пухта ўзлаштирган шижоатли чавандоз эди… 

Алалоқибат, Аллоҳ ўзининг фазлу марҳамати ила, расулининг мақтовларини шу йигит қўли билан рўёбга чиқарди. Ҳақиқатдан ҳам, Муҳаммад Фотиҳ нақадар яхши саркарда, унинг қўшини нақадар яхши қўшин бўлди… 

Чунки улар қалблари имонга тўла, жисмонан чиниққан, сидқидилдан жиҳодга тайёрланган кишилар эди. Улар Аллоҳга ёрдам бердилар ва Аллоҳ ҳам уларга шундай буюк фатҳ билан нусрат-ёрдам берди…

Муҳаммад Фотиҳга аскарларининг Константинопол деворлари олдида очиқликда совқотганликлари хабари келади. Ана шунда Муҳаммад Фотиҳ уларга зарур бўлган вақтда исиниб туришлари учун бир қўрғон қуриб беради. Чунки у киши мабодо вақт чўзилиб кетадиган бўлса, аскарларининг – худди Константинополга ғазот қилган аввалги мусулмон қўшинлари каби – қамални тўхтатиб, орқага қайтиб кетишларини асло хоҳламаганлар. Балки Аллоҳнинг изни ила, Константинопол фатҳ этилмагунча орқага қайтиш йўқ, деган фикрида қаттиқ турган.

Константинопол деворлари уч қатор бўлиб, уларнинг оралиғи бир неча метрни ташкил қилар эди. Шу боис, айни масалада Муҳаммад Фотиҳнинг боши қотди. Унинг замонида вайрон қилувчи қуроллар йўқ эди. Қўлларидаги энг кучли қурол тош отар манжаниқ қуроли эди, холос. Тошнинг ҳажми кичик бўлмаса-да, аммо деворни теша оладиган даражада эмасди. Муҳаммад Фотиҳ дунёнинг ҳарбий имкониятларини кузатиб борарди. Шунда, у кишининг бу билими венгриялик муҳандислардан бири Орбанга етаклайди. Яъни, Орбаннинг деворларни вайрон қила оладиган кучли тўплар ясаш ғояси Муҳаммад Фотиҳнинг қулоғига чалиниб қолади. Зеро, Орбан бу хизматини илгари Константинопол императорига таклиф қилганда, у бунга эътибор бермаган эди. Муҳаммад Фотиҳ эса, Орбаннинг айни хизматини чиройли қарши олиб, унга катта миқдорда маблағ тўлайди ва ихтиросини охирига етказиши учун керакли барча нарсаларни муҳайё қилиб беради. Орбан замбарак ясашга киришади. Унга Усмоний давлатдаги муҳандислар ёрдамлашадилар. Уларни Муҳаммад Фотиҳнинг ўзи назорат қилиб туради. Ва ниҳоят, орадан уч ой ўтмай, Орбан бир ярим тонналик тўпларни отиш имкониятига эга бўлган учта катта замбарак ясашга муваффақ бўлади. Муҳаммад Фотиҳ замбаракларни ўша деворда синовдан ўтказишни истамайди. Чунки у кутилган натижани бермай қолса, буни девор ортидаги румликлар кўришлари ва мусулмонлар кучига салбий таъсир этиши мумкинлигидан хавотирланади. Шу боис, синовни Эдирнеда ўтказишга қарор қилади ва натижа муваффақиятли чиқади. Шундан сўнг, Муҳаммад Фотиҳ Константинопол деворларини вайрон этиб, румликларни таслим қилиш учун учала замбаракни Эдирнедан олиб келиб, девор яқинига ўрнатади.

Муҳаммад Фотиҳни ўйлантирган яна бир масала бўлган. У ҳам бўлса, Константинопол деворларининг Халиж тарафдаги (кўрфаз тарафдаги) қисми заифлиги эди. Румликлар ҳам буни билишарди. Лекин улар кўрфазга кириш жойининг улкан занжирлар билан беркитилгани сабабли, мусулмонлар кемаларининг ёриб ўтолмаслигидан кўнгиллари хотиржам эди. Лекин Аллоҳнинг фатҳига лойиқ бўлган Муҳаммад Фотиҳ кемаларни қуруқликдан судраб олиб ўтишга қарор қилди. У Константинополнинг кўрфаз тарафдаги деворларининг рўпарасидаги, яъни, нариги қирғоқдаги тепаликка (Галата тепалигига) қалин ёғоч-тахталарни ётқизиб, уларга катта миқдорда ёғ ва мой тўктирди. Сўнг ёғоч-тахталар устидан кемаларни судраб олиб ўтказди… 

Бир кечанинг ўзида 70та Усмонийлар кемаси Халижга ўтишга муваффақ бўлди. Бу ҳолат румликларни эсанкиратиб қўйди. Улар эрта тонгда мусулмонларнинг кемаларини Халижда кўриб, юраклари қўрқувдан ўйнаб кетди. Шу билан, узоқ йиллар кутилган ғалабага эришилди.

 Истанбул фатҳидан сўнг Европада ва христиан дунёсида энди Ғарбнинг устунлиги Шарққа ўтди, деган фикр пайдо бўлган. Аслида фатҳдан сўнг Истанбулдаги диний, маданий ва ижтимоий ҳаёт ривожлана бошлади. Бу фатҳ, Европанинг ички изланишлари билан уйғониш даврини бошлаб берди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.