Жанубий Корея компанияси ишчиларига ҳар бир бола учун 100 млн вон таклиф қилмоқда
Жанубий Кореянинг Booyoung компанияси мамлакатда яқинлашиб келаётган демографик инқирозга қарши кураш бўйича кенг кўламли кампания доирасида ходимларга оилада туғилган ҳар бир бола учун 100 млн корейс вони (72,3 минг доллар атрофида) миқдорида бонус таклиф қилмоқда.
“Умид
қиламанки, биз туғилишни рағбатлантириш учун ўз ҳиссасини қўшаётган компания
сифатида тан олиндик. [...] Агар Кореяда туғилиш даражаси пастлигича
қолса, мамлакат йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолади”, - дейди компания вакили
Ли Жунг Геун.
Мамлакатда туғилишнинг умумий коэффициенти 2022 йилдаги 0,78 дан 2023 йилда
0,72 промиллега
тушди. 2024 йилда 0,68 га ва 2025 йилда 0,65 га тушиши прогноз қилинмоқда, бу
барқарор аҳолини таъминлаш учун зарур бўлган 2,1 промилледан анча паст.
Кўпгина Ғарб давлатлари ҳам аҳолининг қариш муаммосига дуч келмоқдалар, аммо бу ўзгаришларнинг тезлиги ва салбий оқибатлари Япония ва Жанубий Корея каби мамлакатлардан фарқли равишда, иммиграция туфайли юмшатилади.
"Вақт тугаяпти ва умид қиламанки, ҳар бир муассаса
туғилиш даражасининг пастлиги билан боғлиқ муаммоларга фавқулодда қатъият билан
ёндашади", деган эди
президент Юн Сок Ёл декабрь ойида вазирларга.
Мамлакатда
демографик инқирознинг дастлабки оқибатлари аллақачон сезилмоқда: 2022
йилда ўқувчилар сони камайгани, болалар боғчалари қариялар уйига
айлантирилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди, шунингдек, биринчи марта Жанубий Корея ҳарбий
хизматчилари сони 500 мингдан пастга тушди.
Корея Тараққиёт Институти тадқиқотчиси бугунги 0,7 промиллелик туғилиш
кўрсаткичи ҳозирги вазият эмас, балки олдинги авлод қайд этган 1,2 промиллелик кўрсаткичнинг натижаси эканлигини огоҳлантиради: “Келгусида бундан ҳам
ёмонроқ бўлади”.
Демографик инқироз иқтисодий инқирозга айланмоқда:
иқтисодчиларнинг қайд этишича, кекса аҳолини қўллаб-қувватлаш жиддий молиявий
муаммоларни келтириб чиқаради. Корея соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар
институти маълумотларига кўра, 2050 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2022
йилга нисбатан 28 фоизга паст бўлади. Салбий прогноз кейинги 25 йил ичида
меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қарийб 35 фоизга қисқаришидан келиб чиқади.