03.09.2024 10:24

Владимир Путин ХЖС аъзоси бўлган Мўғулистонга расмий ташриф билан келди

2 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин икки кунлик расмий ташриф билан Мўғулистонга келди. Россия президентининг самолёти Улан-Батор аэропортига қўнди.

Путиннинг Мўғулистонга ташрифи икки кун давом этади. Ташриф дастурига кўра, 3 сентябрь куни Россия президенти Мўғулистон президенти Ухнаагиин Хурелсух билан учрашади, шунингдек, бир қатор ҳужжатларни имзолайди ва Георгий Жуков ҳайкали пойига гул қўяди.

Путиннинг ташрифи 1939 йилда Халхин-Голда совет ва мўғул қўшинларининг Япония қуролли кучлари устидан қозонган ғалабасининг 85 йиллигига тўғри келди.

Путин охирги марта роппа-роса беш йил аввал Мўғулистонда бўлган эди.

Улан-Баторда давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар, долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилади, икки томонлама ҳужжатларни имзолайди. Путин, шунингдек, Давлат Буюк Хурали (бир палатали парламент) спикери Дашзегвиин Амарбаясгалан ва бош вазир Лувсаннамсраин Оюн-Эрдене билан учрашишни режалаштирган.

Украина Путин Халқаро жиноят суди буйруғи билан ҳибсга олинмаганидан ғазабланди

Владимир Путин Рим статутини имзолаган ва Россия раҳбарини Украинага бостириб кириш пайтида ҳарбий жиноятларда гумонланиб ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий суд юрисдикциясини қабул қилган давлатга биринчи бор ташриф буюрди.

Путин Улан-Баторга келганидан кўп ўтмай, Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Георгий Тихи Мўғулистон расмийларининг Россия президентини ХЖС ордери асосида ҳибсга олмаслик ҳақидаги қарорини қоралади.

“Мўғулистон ҳукуматининг Путинни ҳибсга олиш тўғрисидаги мажбурий ХЖС буйруғини бажармагани Халқаро жиноий суд ва халқаро жиноий ҳуқуқ тизимига оғир зарба бўлди, — дейилади Украина ТИВ баёнотида. — Мўғулистон айбланаётган жиноятчига одил судловдан қочиш имконини берди ва шу тариқа унинг ҳарбий жиноятлари учун жавобгарликка шерик бўлди. Бу Улан-Баторга таъсир қилиши учун ҳамкорлар билан ишлаймиз”.

Душанба куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков яна Москва Путиннинг Мўғулистонда ХЖС ордери билан ҳибсга олинишидан қўрқмаслигини айтганди. "Мўғулистон билан бундай муаммо йўқ", - дея унинг сўзларини келтиради ТАСС.

Путин кенг кўламли уруш бошланганидан бери чет элга камроқ саёҳат қилишни бошлади ва ҳибсга олиш ордери чиқарилгандан бери у борган барча мамлакатлар ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. Мўғулистон эса аъзо бўлиш жараёнини 2002 йилда якунлаган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.