Трамп таълим даргоҳларидан ғаразли мақсадда фойдаланяпти
Barnard коллежининг бир қатор профессорлари АҚШнинг Тенг ҳуқуқли бандлик имкониятлари бўйича комиссияси (EEOC) номидан юборилган шахсий хабарномаларда “Сиз яҳудиймисиз?” мазмунидаги саволларни олганини маълум қилди.
TRT нашрининг ёзишича, хабарномаларда ихтиёрий сўровнома таклиф қилинган бўлиб, унда диний ва этник келиб чиқишга оид қуйидаги вариантлар мавжуд:
➖Мен яҳудийман;
➖Мен исроилликман;
➖Менда яҳудий ёки исроилликларга хос илдизлар бор;
➖Мен иудаизмга эътиқод қиламан;
➖Бошқа.
Профессорлар бу ҳолатни давлат органи томонидан ножўя назорат сифатида баҳолаб, айниқса исроилга нисбатан танқидий фикр билдирганларга босим, деб қабул қилишмоқда.
Barnard доценти Дебби Бечер: “Федерал агентликнинг бундай саволлар билан чиқиши ташвишли сигнал бўлиб, эркин фикрга таҳдид сифатида кўрилмоқда”, деди.
Коллеж раҳбарияти EEOC томонидан олиб борилаётган тергов яҳудий ходимларга нисбатан камситиш бўйича даъволар билан боғлиқлигини тасдиқлади.
Бу ҳолат Трамп маъмуриятининг EEOC’ни сиёсий босим воситаси сифатида қўллаётганига оид танқидларни яна кучайтирди.
Дастлаб камситишга қарши кураш учун тузилган ушбу федерал идора, эндиликда Ғазо можаросида исроилга танқидий муносабат билдираётган университетларга нисбатан босим воситасига айланаётгани айтилмоқда.
Профессорлар бу жараённи антисемитизмга қарши кураш эмас, балки яҳудийларни танқид қилаётган овозларни бостириш ҳаракати сифатида баҳолашмоқда.