Трамп Оқ уйда ифтор дастурхонини ташкил қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Рамазон ойига бағишланган ифтор дастурхонини ташкил этиш анъанасини қайта тиклади.
“Анадолу” агентлигининг хабар беришича, куни кеча ташкил этилган ушбу тадбирда АҚШ мусулмон жамоаси вакиллари ҳамда Саудия Арабистони, Миср, БАА, Қатар, Ливан ва Покистон каби мусулмон давлатларининг дипломатлари иштирок этди.
Мазкур маросимда, Трамп меҳмонларни Рамазон ҳайити билан қутлади ва ўзининг сўнгги президентлик сайловларида мусулмон жамоасидан кўрсатилган қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирди.
“Мен 2024-йилги сайловларда менга рекорд даражада овоз берган юз минглаб мусулмон америкаликларга алоҳида ташаккур айтмоқчиман. Бу жуда ҳайратланарли эди”, деди АҚШ президенти.
Трамп ўз маъмурияти мусулмон жамоасига берган ваъдаларини бажаришда қатъий эканини таъкидлади. У Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш йўлидаги дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этаётганини қайд этди, дейилади агентлик хабарида.
АҚШ раҳбари, шунингдек, Мичиган штатидаги мусулмон жамоасига алоҳида миннатдорлик билдириб, “Мен президентлигим давомида доимо сиз билан бирга бўламан ва сизни қўллаб-қувватлайман. Буни билишингизни истайман”, дея таъкидлади.