02.01.2025 11:40
The Sun: Москвада Башар Асадга суиқасд уюштирилди
Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган раҳбари Башар Асад ҳаётига суиқасд қилинган. Бу ҳақда The Sun нашри ўз манбаларига таяниб хабар қилди.
Суриядаги инқилобдан кейин Россия пойтахти Москвага қочиб, оиласи билан у ерда яшай бошлаган Башар Асаднинг заҳарлангани иддао қилинди.
Аввалроқ айрим манбалар Суриядан қочган ва 8 декабрдан бери Россия президенти Владимир Путин ҳимоясида бўлган Асад ўтган якшанба куни касал бўлиб қолгани ҳақида хабар берганди.
Таъкидланишича, 59 ёшли ҳокимиятдан ағдарилган раҳбар қаттиқ йўтала бошлаган ва бўғилиб қолган.
"Суиқасдга уриниш бўлган деб ҳисоблаш учун барча асослар бор", - деди манба.
Хабар қилинишича, Башар Асад айни пайтда уй шароитида даволанмоқда, аҳволи барқарорлашган. Текширувлар унинг танасида заҳар борлигини кўрсатган.
Россия ҳукумати суиқасд ҳақида ҳозирча ҳеч қандай расмий маълумот бергани йўқ.