24.09.2024 14:58

Швеция: 2023 йилда Қуръонни ёққанлардан қасос олишга чақирувчи хакерлик ҳужуми ортида Эрон турган

Швеция Эрон разведка хизматини 2023 йилда SMS хизматини бузиб, одамларни Қуръонни ёққан намойишчилардан ўч олишга чақирувчи хабарлар юборишда айблади.

Швеция прокуратураси баёнотида айтилишича, 2023 йилнинг ёзида Қуръонни таҳқирлаш бўйича бир қатор норозилик намойишлари ортидан "Қуръон ёндирувчилардан қасос олишга чақирувчи" 15 мингга яқин хабар юборилган.

"Мақсад Швеция жамиятида бўлиниш уруғларини экиш бўлган", дейилади хабарда.

Алоҳида баёнотда Швециянинг Sapo разведка хизмати хакерлик гуруҳи "Эрон инқилобий гвардияси номидан таъсир кампаниясини ўтказиш учун" ҳаракат қилганини аниқлаганини билдирди.

"Мақсад, жумладан, Швецияни исломофоб мамлакат сифатида тасвирлаш эди", - деди Sapo операциялари раҳбари Фредрик Холлстрём.

2023 йилнинг 1 августида Швеция матбуоти кўп сонли одамлар мусулмонларнинг муқаддас китобини ёққанлардан ўч олишга чақирувчи SMS-хабарлар олганини маълум қилганди, дея таъкидлади расмийлар.

Прокурорларнинг сўзларига кўра, тергов амалиёт ортида Anzu team деб номланган гуруҳ турганини аниқлагани, шунингдек, гумондорларни жавобгарликка тортиш эҳтимолдан йироқ бўлгани учун тергов ёпилганини билдирди.

Ўтган август ойида Швециянинг Sapo разведка хизмати бир қатор норозилик намойишлари, жумладан, Қуръон ёқилиши ортидан мамлакатдаги хавфсизликка таҳдид даражасини беш балли шкала бўйича тўртга кўтарди.

Швеция ва Яқин Шарқнинг бир қанча давлатлари ўртасидаги муносабатлар 2023 йилнинг ёзида бўлиб ўтган норозилик намойишлари туфайли кескинлашди.

Ўша йилнинг июль ойида ироқлик намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига икки марта бостириб кирган, иккинчи мартасида мажмуага ўт қўйганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.