13.01.2025 13:22
687
Судан пойтахтида тўқнашувлар давом этмоқда
Шарқий Африка давлати Суданда 2023 йил апрелидан бери армия ва Тезкор ҳаракат кучлари (РРФ) ўртасидаги қуролли тўқнашувлар 21-ойда ҳам давом этмоқда. Можаро мамлакат инфратузилмасига жиддий зиён етказиб, таълим, иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш соҳаларида катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди.
Судан армияси шимолий ва шарқий ҳудудларда ҳукмронлик қилмоқда, РРФ эса жанубий ва ғарбий минтақаларда ҳамда марказий Хартумда мавқеини сақлаб турибди. Пойтахт Хартумнинг Омдурман тумани армия назоратида, аммо Баҳри вилояти учун кураш давом этяпти. РРФ кўп қаватли бинолардан туриб ҳимояланмоқда, бу ерда снайперлар ва артиллерия ўртасида оғир жанглар бўлмоқда. Жанглар тинч аҳоли кўчиб кетишига олиб келди, баъзи туманлар эса арвоҳ шаҳарларга айланди.
Судан можаросини ҳал қилишга қаратилган АҚШ, Саудия Арабистони, Миср ва Франциянинг ташаббуслари ҳозиргача муваффақиятсиз бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, можароларда 20 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 3 миллиондан зиёд киши мамлакатни тарк этган ва 9 миллион одам мамлакат ичида бошпана излашга мажбур бўлган.
Суданда 25 миллиондан ортиқ инсон гуманитар ёрдамга муҳтож. Қочқинлар лагерларида аҳоли совуқ, озиқ-овқат етишмаслиги ва тиббий ёрдамнинг йўқлиги билан юзма-юз. Мамлакатдаги вазият халқаро жамоатчиликни тинчлик ўрнатиш бўйича янада кескин чоралар кўришга ундамоқда.