25.12.2024 07:37
653
Суд Амстердамдаги тартибсизликларда антисемитизм топмади
Амстердам суди Исроилнинг "Маккаби" футбол клуби мухлисларига қарши кўча тартибсизликлари бўйича ишда антисемитизмни аниқламади.
Тартибсизликлар 8 ноябрда Исроил мухлисларининг қўпол хатти-ҳаракатлари — Фаластин байроғини ёқиш, арабларга қарши шиорлар ва транспорт воситаларини ёқиб юборишлари оқибатида келиб чиққан. Бу ҳолат Голландия пойтахти аҳолиси, айниқса, Фаластин халқини қўллаб-қувватловчиларнинг норозилигига сабаб бўлди.
Суд беш нафар айбланувчини ҳужум ва нафрат уйғотиш каби жиноятларда айбдор деб топди. Энг оғир жазо — кўчада калтаклаш учун берилган 6 ойлик қамоқ жазоси. Бир айбланувчи "Маккаби" футбол клуби рўмолини йиртгани учун бир ой қамоққа ҳукм қилинган. Аммо суд бу ҳаракатларда антисемитизм ёки террорчилик нияти бўлмаганини таъкидлади.
22 ёшли Абушаҳобга қотилликка уриниш айби қўйилган, бироқ унинг иши психиатрия экспертизаси сабабли кейинга қолдирилган. Амстердам мери аввалроқ тартибсизликларни "антисемит погром" деб атагани учун узр сўради.
Шунингдек, 45 кишига нисбатан, жумладан, уч нафар вояга етмаганларга тергов ишлари олиб борилмоқда. Улар бўйича қарорлар кейинги суд жараёнларида чиқарилади.

