12.04.2025 06:47
141

Саудия дунёнинг энг баланд осмонўпар бино қуришни режалаштирмоқда

Саудия Арабистонида “The Rise Tower” деб номланган, баландлиги 2 000 метр бўлган улкан осмонўпар бино барпо этилиши режалаштирилмоқда, деб хабар берди Dzen.ru. 


Айтилишича, бу иншоот Дубайдаги 828 метрлик Burj Xalifa’дан икки баравар баландроқ бўлиб, ҳали қурилиши режалаштирилаётган Jidda минорасидан (1 000 метр) ҳам анча баланд бўлади. Лойиҳа қиймати 5 миллиард долларни ташкил этади.


678 қаватдан иборат ушбу минора Саудия Арабистонининг “Шимолий қутб” мега-лойиҳасининг асосий қисми ҳисобланади. У машҳур Foster + Partners компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Қурилиш учун халқаро компаниялардан расмий таклифлар қабул қилинмоқда, дейилади хабарда. 


Маълум бўлишича, The Rise Tower “Vision 2030” дастури доирасида Саудия Арабистонининг глобал туризм ва бизнес марказига айланади. Бинода ҳашаматли меҳмонхоналар, кўнгилочар марказлар, ресторанлар ва бошқа хизматлар жойлашади.


Лойиҳа муаллифлари, “Шимолий қутб” лойиҳаси 300 квадрат километр майдонда барпо этилиб, замонавий транспорт тизими, тезкор метро ва автоном автомобиллар тизими билан таъминланади, дея таъкидлашмоқда.


Маълумот ўрнида, Саудия Арабистони охирги йилларда экологик барқарорликка алоҳида эътибор қаратиб, “The Line” ва “Aquellum” каби футуристик лойиҳаларни ҳам бошлаган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.