Россияда узоқ йиллик Исломий таълим стратегияси ишлаб чиқилмоқда
Россияда мусулмон диний арбоблари ва академик доира вакиллари 2037 йилгача амал қиладиган Исломий таълим стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Россия Мусулмонлар диний идораси раҳбари, муфтий Албир Крганов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ҳозирда ушбу ҳужжатга якуний ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
“Биз Татаристон Мусулмонлари диний бошқармаси билан ҳамкорликда халқаро ва ички лойиҳаларни йўлга қўйиш тараддудидамиз. Жумладан, Татаристон муфтияти, Болгар Ислом академияси, Россия Ислом университети ректори ва Исломий таълим бўйича кенгаш раиси Рафиқ Мухаметшин билан биргаликда 2037 йилгача мўлжалланган кенг қамровли Исломий таълим стратегиясини муҳокама қиляпмиз”, деган у.
Мазкур стратегия диний таълимни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унда ёшлар билан ишлаш, рақамлаштириш ва бошқа замонавий йўналишлар бўйича алоҳида бўлимлар мавжуд.
Татаристон муфтийси Камил Самигуллиннинг айтишича, ҳудудда учта мусулмон умумтаълим мактаби, болалар ва катталар учун мўлжалланган 700 га яқин масжид қошидаги курслар, саккизта профессионал даражадаги мадраса, шунингдек, Россия Ислом институти, Қозон Ислом университети ва Болгар Ислом академияси фаолият юритмоқда.
Бундай тизим диний билимларни бошланғич даражадан то академик тайёргарликкача бўлган барча босқичларда эгаллаш имконини беради.