"Ноанъанавий қадриятлар" ва ўз-ўзини ривожлантириш ғоялари Россия ахборот майдонидан йўқолиши керак ва туғилишни рағбатлантириш учун пул ажратиш натижа бермайди, деб ҳисоблайди Россия Давлат Думаси депутати Ирина Филатова.

“Муаммони ҳал қилиш мақсадида туғилишни рағбатлантириш учун катта миқдорда маблағ ажратиш етарли, деб ўйлаш катта хато. Аҳолининг кўпайишининг калити пул эмас, балки таълим, ахлоқий-этик ва диний асослар, жамиятнинг болаларни инсон ҳаёти нормаллигининг ажралмас қисми сифатида қабул қилишидир ", - деб Филатова сўзларидан иқтибос келтиради «Говорит Москва».

Унинг сўзларига кўра, турмуш даражасининг юксалиши, таълим олиш, тиббиёт ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятлари оилаларнинг кўп фарзандли бўлишни, ҳаттоки биринчи фарзандли бўлишни хоҳламаслигига сабаб бўлмоқда. Унинг қўшимча қилишича, ривожланган мамлакатларда фаровон турмуш тарзи фарзанд кўриш истагига таъсир қилмайди.

“Фарзандсизлик, ноанъанавий муносабатлар, анъанавий оилавий қадриятларни истеъмолчилик, ўз-ўзини ривожлантириш, мушук ва итлар билан алмаштириш ғоялари барча даражадаги ахборот майдонидан йўқолиб кетиши керак”, — таъкидлади депутат.

Бунга қадар Россия президенти Владимир Путин ҳукуматдан русларни кўпроқ туғишга ишонтиришни талаб қилганди. Унинг таъкидлашича, "бир вақтлар Россияда серфарзандлик урф бўлгани, оилалар етти, тўққиз кишидан ташкил топган”. Серфандлик мамлакатда ишчи кучи тақчиллиги муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради.

Аввалроқ Россия Фанлар академияси Марказий Иқтисодиёт ва математика институти директори Алберт Бахтизин ҳукуматни келажакда мамлакат аҳолисининг бутунлай йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш учун “махсус демографик операция” ўтказишга чақирган эди.

“Биз йилига 500-600 минг одамни йўқотяпмиз. Ҳудуднинг катталиги ва иқтисодиёт учун зарур бўлган ўсиш суръатларини сақлаб қолиш мақсадида кўп сонли одамларга эҳтиёж борлигини ҳисобга олсак, бу миллий хавфсизликка таҳдид туғдиради", - деди Бахтизин.

Олим БМТнинг аср охирига бориб Россия аҳолиси 120,5 миллион кишига қисқариши ҳақидаги прогнозини эслаб ўтди. Шу билан бирга, эксперт Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан молиялаштириладиган Аҳоли саломатлигини ўлчаш ва баҳолаш институтининг 106 миллион кишиси ҳақида янада пессимистик тахмин борлигини ҳам таъкидлади.

Унинг қўшимча қилишича, Россия Фанлар академиясининг прогнозларига кўра, туғиш ёшидаги – 15-49 ёшдаги, репродуктив – 20-29 ёшдаги аёллар сони сезиларли даражада камайгани Россияда туғилиш даражасининг янада камайишига олиб келади. "Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, 30-йилга келиб, бундай аёллар сони 9 фоизга камаяди", - дея аниқлик киритди Бахтизин.

2023 йил охирида Россияда туғилиш даражаси (репродуктив ёшдаги аёлга тўғри келадиган ўртача болалар сони) 1,4 га тушди. Бу – 17 йиллик минимал, туғилишлар сони эса кетма-кет 10 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳар йили камайиб бормоқда. Путин бешинчи ваколат муддати бошланганидан сўнг дарҳол имзолаган фармонга кўра, давлат раҳбари туғилишнинг умумий кўрсаткичини 2030 йилгача 1,6 га, 2036 йилгача эса 1,8 га ошириш талаб қилинган.

Мавзуга алоқадор