05.12.2024 15:49

Россия-Украина уруши: Оддий аҳоли тинчлик истайди. Раҳбарлар уларни тинглаши керак

Украинадаги уруш доирасида баъзи ижобий янгиликлар кўзга ташланмоқда. "Галлуп" томонидан яқинда эълон қилинган фикрлар сўрови шуни кўрсатмоқдаки, украиналикларнинг аксарияти тинчлик музокаралари имкон қадар тезроқ бошланишини истайди.

Сўровда қатнашганларнинг 52 фоизи Украина президенти Володимир Зеленский ва Ғарб ҳукуматлари ўз сиёсатининг асосий йўналишига айлантирган Россия устидан ҳарбий ғалаба қозонгунча жанг қилиш талабини рад этишган.

Бу икки йил аввалги ҳолат билан солиштирганда сезиларли ўзгаришдир, ўшанда атиги 27 фоиз аҳоли тинчлик музокаралари ғоясини қўллаб-қувватлаган эди.

Сўнгги икки ҳафта давомида ҳам Россия, ҳам Украина томонларида хавфли ҳарбий эскалация кузатилди. Байден маъмурияти Украина кучларига АҚШнинг ўрта масофали ракеталарини Россиядаги нишонларга қаратишга рухсат берди. Буюк Британия ҳам дастлаб чекловлар билан Украинага берилган "Storm Shadow" ракеталари учун худди шундай йўл тутди.

Зеленский дарҳол ўз кучларига ракеталарни учиришни буюрди. Россия президенти Владимир Путин ҳам эскалацияни кучайтирмоқда. Ўтган ҳафта у Россия Украинага қурол етказиб берган давлатлардаги нишонларга ҳужум қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини билдирди ва Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида очиқдан-очиқ таҳдид қилди.

Ўз ниятини кўрсатиш учун у Украина ҳудудига ядро каллакларини ташиши мумкин бўлган қитъалараро ракетани учирди.

Шунингдек, жанг майдонида ҳам қўшинлар сони ошган. Тахминан 10 минг шимолий кореялик аскар Россия томонидан фронт чизиғи яқиниша жойлаштирилди, ўтган ҳафта эса Болтиқбўйи давлатлари ва НАТОнинг бошқа шимолий аъзолари вазирлари Украинага ўз қўшинларини юбориш масаласини муҳокама қилиш учун учрашдилар.

Россия ва НАТО ўртасида тўғридан-тўғри ядро урушига олиб келиши мумкин бўлган хавфли йўл яна бир қадамга яқинлашди.

Кипр модели

Яқинлашиб келаётган фалокатнинг олдини оладиган ҳар қандай ҳаракатни олқишлаш лозим. Шу боис, "Галлуп"нинг тинчликни ёқловчи янги сўрови умид уйғотмоқда.

Бошқа сўровлар ҳам шунга ўхшаш натижаларни кўрсатган. Аммо қандай тинчлик битими кутилмоқда? "Галлуп" сўровида кўпчилик Россия тажовузини тўхтатиш эвазига Украина шарқда ўз ҳудудининг бир қисмини йўқотишга рози бўлишини тан олмоқда.

Украина Донбасс ва Қримда рус қўшинлари эгаллаб турган ҳудудлар устидан ўз юридик суверенитетидан воз кечишга мажбур бўлмайди, бироқ у назоратни йўқотганини тан олишга мажбур бўлади.

Бу вазиятга Кипр модели мисол бўла олади. Туркия ( НАТО аъзоси) Кипрга ҳужум қилиб, оролнинг 37 фоизини эгаллаганига роппа-роса 50 йил бўлди. 

Кейинчалик БМТ аҳоли алмашинувини ташкил этди, унга кўра барча турклар оролнинг жанубий қисмини, юнонлар эса шимолий қисмини тарк этдилар. Туркия Кипрнинг шимолида давлат тузди ва ҳозирга қадар у ерда 40 000 аскарини сақлаб турибди, аммо бошқа ҳеч бир давлат уни тан олмаган.

БМТ миссияси буфер зонада патрул хизматини олиб боради. Оролда 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида тинчлик ҳукм сурмоқда.

Бир нечта Ғарб таҳлилчилари можаронинг бошидан бери Россиянинг Украинага қарши урушида "ер эвазига тинчлик" келишувини таклиф қилишган. Бироқ уларнинг фикрларига оммавий ахборот воситаларида эътибор ва ўрин ажратилиши қийин бўлди. Исроилнинг Ғазодаги сиёсатини танқид қилувчиларни чўчитиш учун антисемитизм айбловлари қўллангани каби, Украинада ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар олиб бориш тарафдорларига ҳам "Путин тарафдори" сифатида ҳужум қилинмоқда.

Украина сўрови бу айбловнинг асоссизлигини кўрсатмоқда. Украиналикларнинг 52 фоизи "Путин тарафдори" бўлиши мумкин эмас.

Уларнинг Зеленскийнинг Россия устидан ғалаба қозониш мақсадини танқид қилишларига реализм туртки бўлмоқда. Урушнинг дастлабки кунларида ҳамма, айниқса Путин Украина кучларининг жасорати ва қатъиятидан ҳайратда қолди, чунки улар Киевни эгаллаш учун жанубга, Харьковни эгалаш учун ғарбга ҳаракатланаётган рус танкларини тўхтатишга муваффақ бўлишганди.

Аммо бир неча ҳафтадан сўнг можаро хандақ урушига айланиб кетди, бу шароитда аскарлари кўп бўлган рус қўшинлари доим устунликка эга бўлади.

Музлаган зиддият

Урушнинг давом этиши Путиннинг мағлубиятига олиб келмайди. Бу фақат яна минглаб украиналик аскарларни ўлимга маҳкум этади. Бу кўпроқ шаҳарларнинг артиллерия, ракета ва дрон ҳужумлари натижасида вайрон бўлишини англатади. Уруш миллионлаб украиналик қочқинларнинг уйга қайтиши мумкин бўлган кунни кечиктирмоқда.

Украинадаги Ғарб мухбирлари Украина кучларининг қатъияти ҳақида ҳайратга тушишган ва ҳамдард ҳолда ёзишган. Аммо руҳиятни тушириб юбормаслик мақсадида музокаралар тарафдори бўлган одамлар билан деярли суҳбатлашишмаган. 

Аммо бу ўз-ўзини чеклаш эндиликда камаймоқда. Мухбирлар энди ҳарбий хизматдан қочишга уринаётган кўплаб украиналик ёшлар ҳақида хабар бермоқда. Улар юқори лавозимли амалдорлар ва Украина армияси генераллари "шахсан" уруш музлатилган можаро эканлигини ва Украина ўз ҳудудини йўқотганини тан олишга мажбур бўлишини айтаётганини нақл қилмоқда.

Музокаралар қандай бошланиши мумкин? 

Путин Украина таслим бўлгандан кейингина ўт очишни тўхтатишга қизиқиш билдирган. Унинг қўшинлари Донбассда устунликка эришмоқда ва у бунинг тўхташини истамаслиги аниқ. Бундан ташқари, у ҳамон бир қисми украиналиклар назоратида бўлган Россиянинг Курск вилоятини қайтариб олишни хоҳлайди.

Дональд Трамп урушни бир кунда тугатишини айтган. Унинг лавозимни эгаллашига эса икки ой қолди.

Агар у январь ойида Зеленский ва НАТО ҳукуматларини, шунингдек Путинни ўт очишни тўхтатишга ва тинчлик музокараларини бошлашга кўндира олса, у уч йиллик урушни тугатиш учун биринчи ҳақиқий имкониятни яратган бўлади.

Бу Украинада ҳам, Россияда ҳам ижобий қарши олинади. "Галлуп"нинг украиналиклар орасида тинчлик тарафдорлари кўпчиликни ташкил этиши ҳақидаги янги маълумотлари Россиядаги тинчликпарвар фикрларнинг кўпайиши билан мувофиқ келмоқда.

Сентябрь ойи охирида Чикагодаги Глобал масалалар кенгаши ва Москвадаги мустақил "Левада" таҳлил маркази томонидан ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, россияликларнинг 60 фоизи Украина билан тинчлик келишувининг йўқлигини Россия учун жиддий таҳдид деб ҳисоблайди.

Уларнинг 54 фоизи ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришдан кўра музокараларни бошлаш вақти келганини таъкидламоқда.

Тинчлик учун имкониятлар шу пайтгача бунчалик юқори бўлмаган. Ғарб ҳукуматлари буни қўллаб-қувватлаши керак.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.