18.03.2025 09:40
212

Россия Курск вилояти бўйлаб тўлиқ назоратни тиклади

Путин март ойида Курск вилоятидаги ҳарбий қўмондонлик пунктига ташриф буюриб, Россия армиясининг ушбу ҳудудда назоратни қайта тиклаганини маълум қилди. У ўтган йилнинг 6 август куни бошланган Украина ҳужумидан сўнг бу ҳудудга илк бор ташриф буюрди ва ҳарбий раҳбарият билан йиғилиш ўтказди.

Россия армияси кенг кўламли ҳужумга ўтиб, Украина кучлари эгаллаган ҳудудларни қайтариб олди. Суджа шаҳри – Украина учун муҳим стратегик марказ эди. Бироқ, ҳозир у Россия қўшинлари назоратига ўтган. Путин Курск вилоятида Украина қўшинлари “тўлиқ қамалда” қолганини айтиб, уларга таслим бўлиш ёки ҳалок бўлиш танловини қолдирган.

Шунингдек, Путин: “Бизнинг асосий вазифамиз – душманни имкон қадар тезроқ тор-мор этиш ва Курск вилояти ҳудудида олиб бораётган ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишдир. Вилоятдаги вазият ҳозир тўлиқ назоратимиз остида”, – дея таъкидлаб, бутун вилоятни яқин орада эгаллашга ишонч билдирган.

2024 йил 6 август куни Украина қўшинлари Курск вилоятига ҳужум қилиб, Россия мудофаасини ёриб ўтди. Улар 1300 квадрат километр ҳудудни эгаллаб, мустаҳкам мудофаа чизиғини қуришга муваффақ бўлган эди.

Аммо январь ойига келиб, вазият кескин ўзгарди. Россия Курск йўналишига катта кучларни сафарбар этди ва шу йилнинг 8 мартига келиб, қарши кучларни орқага чекинишга мажбур қилди. Март ойининг ўрталарига келиб эса, Украина армияси Курск вилояти бўйлаб ўзи эгаллаб турган 1300 квадрат километр ҳудуднинг атиги 80 квадрат километринигина сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.