28.11.2024 13:23
Россия яна Украина энергетика объектларига ялпи зарбалар берди
28 ноябрь куни эрталаб Россия қўшинлари Украина энергетика тизимига ракета ва учувчисиз учоқлар ялпи зарбаларни йўллади. Бу ҳақд Украина энергетика вазири Герман Галушенко маълум қилди.
«Энергетика яна душманнинг оммавий зарбаси остида қолди. Бутун Украина бўйлаб энергия объектларига ҳужумлар уюштирилмоқда. „Укрэнерго“ узатиш тизими оператори шошилинч равишда электр энергиясини ўчирди. Хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшилангач, оқибатлар аниқланади», — деб ёзди у Facebook саҳифасида.
Одесса, Ивано-Франкивск, Львов, Волин, Ровен, Хмельница, Кировоград ва Киев вилоятларида портлашлар содир бўлди, дея маълум қилди украин матбуоти. Ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида маълум қилинганича йўқ.
Украина Энергетика вазирлигининг аниқлик киритишича, бу Россиянинг Украина энергетика инфратузилмаси объектларига бир йил ичида қилган 11-ҳужуми. «Энергетиклар имкони бор жойларда захира электр таъминоти тизимларини таъминлаш устида ишламоқда», — дейилади хабарда.
Украина ҲҲК маълумотларига кўра, ҳужум давомида Россия 90 дан ортиқ ракета, жумладан, 57 та қанотли Х-101 ва 100 га яқин зарба берувчи учувчисиз учоқлардан фойдаланган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 79 та ракета ва 35 та дронни уриб туширишга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Financial Times ва бошқа манбалар Россия ва Украина ўртасида Қатар воситачилигида энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатиш бўйича музокаралар бошлангани ҳақида хабар берган эди. Бироқ ҳозирда ушбу музокаралар қийинчиликларга дуч келаётгани ва узоқ муддатли келишувга эришилмагани таъкидланмоқда. Бу жараённинг кейинги босқичлари ҳақида ҳозирча қўшимча маълумотлар мавжуд эмас.