Россия фуқаролигини олганлар учун ҳарбий хизмат муддати оширилиши мумкин
Давлат думаси Россия паспортини олган хорижликларнинг ҳарбий хизмат муддатини ошириш ташаббусини илгари сурди.
Давлат
думаси Россия паспортини олган хорижликларнинг ҳарбий хизмат муддатини ошириш
ташаббусини илгари сурди, деб хабар берди lenta.ru нашри. Шунингдек, янги
фуқаролар учун чақирув ёшини узайтириш ҳам таклиф қилинмоқда.
Давлат
Думаси матбуот хизмати Россия фуқаролигини олганлар учун чақирув ёшини қанчага
ошириш таклиф қилинаётганига аниқлик киритмади. Аввалроқ ЛДПР ва “Ягона Россия”
партиясидан бир гуруҳ депутатлар фуқароликка эга бўлганлар учун ҳарбий хизматга
чақирилиш ёшини 50 ёшга кўтаришни таклиф қилган эди, бироқ танқидлардан сўнг Давлат
Думаси спикери Вячеслав Володин қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олди.
Россия
қонунчилигига кўра, Россия фуқаролигини олган чет эл фуқароси яшаш жойида
рўйхатдан ўтган кундан бошлаб икки ҳафта ичида ҳарбий хизматга рўйхатдан ўтиши
керак.
Россия
фуқаролари учун ҳарбий хизматга чақирилишнинг максимал ёши 30 ёш. 2008 йилдан
бери Россия Федерацияси фуқаролари учун армиядаги ҳарбий хизмат муддати 12 ой.
Июнь
ойида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин РФ паспортини олган 10
мингга яқин муҳожир Украинадаги “ҳарбий махсус операция” зонасига жўнатилганини
маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, мигрантларни меҳнатга жалб қилишда
миллий хавфсизлик масалалари эътиборга олиниши керак.
Депутатлар
тегишли тузатишларни 4 августда якунланадиган баҳорги сессия якунига қадар
кўриб чиқишни режалаштирмоқда.