05.07.2024 15:45

Риши Сунак бош вазирликдан истеъфога чиқишини билдирди

Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Консерватив партиянинг парламент сайловларида мағлубиятга учрагани ортидан истеъфога чиқиш нияти борлигини маълум қилди.

“Тез орада қирол жаноблари билан учрашиб, унга мамлакат бош вазири лавозимидан истеъфога чиқишни таклиф қиламан. Мамлакат учун жуда афсусда эканлигимни айтмоқчиман. Бу ишга бор кучимни бердим, лекин сиз Британия ҳукумати ўзгариши кераклиги ҳақида аниқ сигнал юбордингиз. Ва сизнинг ҳукмингиз – муҳим бўлган ягона нарса. Сизнинг ғазабингиз ва умидсизликларингизни эшитдим ҳамда бу йўқотиш учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммамга оламан", – деди Сунак бир кун аввал мамлакатдаги сайловлардан сўнг сўзга чиқар экан.

Британия бош вазири, шунингдек, Консерватив партия номзодлари ва ходимларидан саъй-ҳаракатлари самарасизлиги учун узр сўради.

Сунак ўз ишини сарҳисоб қилар экан, Буюк Британия кучлироқ эканини таъкидлади.

“Мамлакатимиз 20 ой олдингига қараганда хавфсизроқ ва кучлироқ эканлигига ишонаман. 2010 йилга қараганда эса анча обод, адолатли ва барқарор”, — деди у.

Британия бош вазири сайловда Лейбористлар партияси билан биргаликда ғалаба қозонган рақиби Кей Стармерга ҳам муваффақиятлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, 4 июль, пайшанба куни Буюк Британия жамоатлар палатасига сайловлар бўлиб ўтди. Унда Лейбористлар партияси 33,8 фоиз билан 23,7 фоиз овоз тўплаган Консервативлар партиясининг 14 йиллик ҳукмронлигига барҳам берди. Сайловлар натижасига кўра, 650 ўринли Британия парламентида 412 ўрин Лейбористлар партиясига насиб қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.