11.10.2025 08:05
250
Путин Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси ҳақида гапирди
Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси минтақадаги асосий хавфсизлик элементларидан биридир, деди Владимир Путин Душанбеда Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан учрашувда.
Россия президенти рус қуролли кучлари Марказий Осиёда тинчликни сақлашга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлаган. Унга кўра, Москва Душанбе билан мудофаа, ҳарбий-техник ҳамкорлик, терроризм ва наркотрафикка қарши кураш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилмоқда.
"Тожикистонда ва бутун минтақада хавфсизлик кафолати, жумладан, республикада жойлашган 201-Россия ҳарбий базасидир", деган у.
Маълумот учун, 201-сонли Россия ҳарбий базаси Россиянинг энг йирик хорижий ҳарбий объекти бўлиб қолмоқда.
База бир нечта гарнизонларда - Душанбе ва Бохтарда (собиқ Қўрғонтепа) жойлашган ва Россия Марказий ҳарбий округига бўйсунади. Объектда мотоўқчи, танк ва артиллерия бўлинмалари, алоқа, разведка ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қисмлари жойлашган.
2012 йилда Россия ва Тожикистон базанинг республика ҳудудида 2042 йилгача қолишини узайтирувчи келишувни имзолаган. Ҳужжат мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш, қўшма машғулотлар ўтказиш ва икки мамлакат қуролли кучлари ўртасида тажриба алмашишни назарда тутади.
Базанинг асосий вазифаси - тожик-афғон чегараси хавфсизлигини кафолатлаш ва турли гуруҳларнинг МДҲ ҳудудига киришига йўл қўймаслик.