Путин ўлимга "чап бермоқчи": Россияда умрни узайтиришга боғлиқ лойиҳаларга 8 баробар кўп пул ажратилмоқда
Россия илмий жамғармаси (РИЖ) томонидан қариш ва умрни узайтириш соҳасидаги тадқиқотларни молиялаштириш сўнгги беш йил ичида саккиз баравардан кўпроққа оширилган. Жамғарма сайтидаги маълумотларга кўра, бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳажми 2016-2020 йилларда 21 миллион рублга тенг бўлса, 2021-2025 йилларда 172 миллион рублга етган. Аслида, фарқ янада каттароқ бўлиши мумкин, деб ёзади "Новая Европа" нашри. РИЖ васийлик кенгашига Путиннинг узоқ йиллик дўсти ва сафдоши Андрей Фурсенко раҳбарлик қилмоқда.
Жорий беш йиллик даврда РИЖ фундаментал тиббиётнинг қариш билан боғлиқ 43 та лойиҳасини қўллаб-қувватлади, 2016-2020 йилларда эса бундай лойиҳалар атиги еттита эди. Уларнинг аксарияти (34 та лойиҳа) 2021-2023 йилларда маъқулланган.
Қўллаб-қувватланган лойиҳалар орасида физиологик ва патологик қаришнинг шаклланишида туғма иммунитет механизмларини ўрганиш, қаришнинг кечишини башорат қилиш учун маркерларни излаш, шунингдек, мия ва кўздаги ўзгаришлар билан Алцгеймер касаллиги ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш киради.
РИЖ маблағлари Путиннинг тўнғич қизи Мария Воронцовага ҳам ажратилган. У "Организмда ҳужайраларнинг янгиланиш жараёнларини тартибга солиш, органлар ва тўқималарнинг функционал фаоллигини, инсон саломатлиги ва фаол узоқ умр кўришини узоқ вақт сақлашнинг фундаментал асоси" лойиҳасига раҳбарлик қилади.
Владимир Путиннинг ҳаётни узайтириш мавзусига қизиқиши бир неча бор омма олдида намоён бўлган. Хусусан, яқинда Пекинга ташрифи чоғида у Хитой раҳбари Си Жинпинг билан умр кўриш давомийлигини узайтириш сирлари ва органларни доимий равишда кўчириб ўтказиш имкониятларини муҳокама қилган эди.
Маълумот учун, тарихда ўтган барча диктаторлар ўлмаслик ва қилган зулмларига яраша жазо олмаслик учун барча имкониятларини ишга солишган. Бироқ уларнинг бундай ҳаракатлари муваффақиятсизлик билан тугаган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай дейди:
٩٦. وَلَتَجِدَنَّهُمْ أَحْرَصَ ٱلنَّاسِ عَلَىٰ حَيَوٰةٍ وَمِنَ ٱلَّذِينَ أَشْرَكُوا۟ يَوَدُّ أَحَدُهُمْ لَوْ يُعَمَّرُ أَلْفَ سَنَةٍ وَمَا هُوَ بِمُزَحْزِحِهِۦ مِنَ ٱلْعَذَابِ أَن يُعَمَّرَ وَٱللَّهُ بَصِيرٌۢ بِمَا يَعْمَلُونَ
"Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканлигини биласан. Мушриклардан бирлари минг йил умр кўришни суядир. Аммо узоқ умр кўриши уни азобдан қутқармас. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўрувчидир" ("Бақара" сураси, 96-оят).