Остона шаҳрида Қозоғистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 24-саммити бошланди. ШҲТ+ форматидаги саммитда 16 давлатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Саммитда Туркия, Мўғулистон, Озарбайжон, Қатар, БАА ва Туркманистон раҳбарлари ҳам кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.

Бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференция, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти, Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евроосиё иқтисодий комиссияси каби қатор халқаро ташкилотлар ҳам юқори даражада тақдим этилган.

“Кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш: барқарор тинчлик ва тараққиётга интилиш” шиори остида ўтаётган саммитнинг асосий кун тартиби долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда ШҲТ ролини кучайтиришдан иборат бўлади.

Раҳбарлар барқарорликни таъминлаш учун биринчи навбатда халқаро савдо ва иқтисодиётга эътибор қаратиш ниятида. Саммитда минтақавий хавфсизлик, инфратузилма, энергетика, экология, соғлиқни сақлаш, туризм, таълим, рақамлаштириш, транспорт ва логистика масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Саммит якунлари бўйича турли соҳаларга оид 20 дан ортиқ ҳужжатлар, жумладан, ШҲТнинг долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича позицияси ва истиқболли тадқиқотлари бўйича ўз ифодасини топган Остона декларацияси, шунингдек, “ШҲТнинг 2035 йилгача ривожланиш стратегияси” ҳамда 2030 йилгача ШҲТнинг энергетика ҳамкорлигини ривожлантириш стратегияси”ни қабул қилиш режалаштирилган.

Терроризмга қарши кураш саммит кун тартибидаги муҳим мавзулардан бири бўлади. Тадбирда “2025-2027 йилларга мўлжалланган терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури” ва “ШҲТнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган наркотикларга қарши кураш стратегияси” муҳокама қилинади.

Беларус Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўла ҳуқуқли аъзо бўлди. Тегишли қарор Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида имзоланди.

Шундай қилиб, Беларус ШҲТнинг тўлиқ ҳуқуқли, ўнинчи аъзосига айланди. Ташкилотда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам худди шундай мақомга эга.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солган Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари биринчи марта 1996 йилда Шанхайда йиғилиб, Россия ва Хитой ўртасидаги чегара барқарорлигини таъминлаш бўйича шартнома имзолаган эди.

Дастлаб ташкилот "Шанхай бешлиги" деб номланди, бироқ 2001 йилда Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлганидан сўнг у Шанхай ҳамкорлик ташкилоти номини олди. 2017 йилда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон, кейинроқ эса Эрон аъзо бўлди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи давлатлар – Мўғулистон ва Афғонистон, мулоқот бўйича ҳамкорлар – Туркия, Озарбайжон, Миср, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Қатар, Арманистон, Камбоджа, Қувайт, Малдив ороллари, Мяньма, Непал ва Шри-Ланка.

ШҲТнинг асосий мақсадлари қаторига аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш, терроризмга қарши биргаликда курашиш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш киради.

ШҲТ Бош котибияти Пекинда, Минтақавий аксилтеррор тузилмаси эса Тошкентда фаолият юритади.

Саммитдан сўнг ШҲТга раислик Хитойга ўтади.

Мавзуга алоқадор