Оқ уй Пентагонга янги раҳбар излаяптими?
NPR нашрининг маълум қилишича, Трамп маъмутияти айни пайтда ўзига янги мудофаа вазирини излашни бошлаган.
Хабарга кўра, (диний низолар қўзғашга уста) амалдаги вазир Пит Ҳегсетнинг ишдан бўшатилишига унинг атрофида бўлаётган турли можаролар ва сиёсий зиддиятлар сабаб қилиб кўрсатилган.
Хабарингиз бўлса, Ҳегсет бир ой аввал АҚШ ҳарбий расмийсидан Яманга уюштирилган хужум тафсилоти ҳақидаги махфий маълумотни олиб, сўнг уни шахсий телефони орқали рафиқаси ва укаси билан бўлишгани ҳақида The New York Times нашри хабар қилган эди.
Март ойида ҳам Ҳегсет Яман ҳудудидаги Ҳусий нишонларига қилинган ҳужум тафсилотларини Оқ Уйдаги етакчи амалдорлар билан Сигнал чатда муҳокама қилган ва бу суҳбатга тасодифан бир журналист ҳам қўшилган эди.
Бунинг оқибатида, сўнгги бир неча ҳафта ичида амалдорнинг тўрт нафар етакчи маслаҳатчиси лавозимларини кутилмаганда тарк этди. Улардан баъзилари маълумот сиздиришда айбланган.
Нашрнинг ёзишича, кетган маслаҳатчилар оммага берган баёнотларида Мудофаа вазирлиги ичида жиддий зиддиятлар мавжудлигини айтишган.
Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит эса Пентагон раҳбарига ўринбосар қидирилаётгани ҳақидаги хабарни сохта деб атади.
“Бу воқеа – мутлақо сохта янгилик. Президент бугун эрталаб Пентагон раҳбарини тўлиқ ва қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади,” деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.