01.10.2024 14:48

Немисча исломофобия ортида нима ётибди?

16 сентябрь куни Германия Европа Иттифоқидаги қўшниларини ранжитган ҳолда чегаралари бўйлаб вақтинчалик назоратни кучайтирди. Ички ишлар вазири Нэнси Фезернинг айтишича, бу ҳаракат нафақат ноқонуний миграцияни чеклашга, балки “исломий терроризм ва таҳдидлар” ни тўхтатишга қаратилган.

Бу хабар Германиянинг Солинген шаҳрида юз берган пичоқбозликдан сўнг пайдо бўлди. Бошпана олиш мақомидан маҳрум этилган ва депортация қилиниши керак бўлган суриялик қочқин ушбу ҳужумни содир этишда айбланган.

Баъзилар бундай шафқатсиз чора социал-демократлар, яшиллар ва либераллардан ташкил топган либерал-сўл коалициянинг ташаббуси эканидан ажабланиши мумкин. Ҳақиқат шундаки, Германиянинг барча сиёсий доираларида ўнгга силжиш ва исломофобия тобора кучайиб бормоқда.

Таҳлилчилар ўнгга силжиш драйвери сифатида “Германия учун ўта ўнг муқобил” (Alternative für Deutschland – АFD) партиясининг юксалишини таъкидладилар. Дарҳақиқат, партия миллий ва давлат миқёсида сезиларли ютуқларни қўлга киритмоқда. Ой бошида шарқий Турингия штатидаги сайловларда 32,8 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Шарқий Саксония штатида у 30,6 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади, яъни АFD Христиан-демократлардан атиги 1,3 фоиз пунктга ортда қолди.

Аммо АFD’нинг сайловлардаги ғалабаси фақат исломофобияга боғлиқ эмас. Немис сиёсатида мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш ва айблаш жараёни ортиши ҳам уларнинг фойдасига ишлади.

Ҳукмрон коалиция аъзолари Германияда “исломизм”ни бир неча бор қоралади. Бундестагдаги “Яшиллар” партияси етакчиси Катарина Дроге ўз баёнотида “Ислом заҳри нафақат чет элда, балки Германияда ҳам одамлар онгини забт этаётганини” даъво қилишгача бориб етди. Кейинчалик у “Ислом” ўрнига “Исломизм” демоқчи бўлганини қўшимча қилди.

“Ислом таҳдиди” ҳақидаги огоҳлантирувчи сўзлар нафақат немис сиёсатчиларининг асосий мавзусига айланган, балки Германия институтларининг расмий ҳужжатлари ва сиёсий баёнотларидан ҳам ўрин олган. Масалан, асосий ички разведка агентлиги бўлган Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идорасининг веб-сайтида шундай бандлар мавжуд:

“Исломчилар ўз динларига мурожаат қилиш орқали Германия Федератив Республикасининг эркин демократик тузумини йўқ қилишни истайди”.

Ушбу федерал идоранинг Бавария бўлими янада олға силжиб, ўз веб-сайтида “юридик исломийлик” тушунчасини киритди ва уни “мавжуд ҳуқуқий тизим доирасида сиёсий воситалар орқали экстремистик мақсадларини амалга ошириш”, деб таърифлади. Уларнинг иддао қилишича, “легалист исломчилар лоббичилик орқали сиёсат ва жамиятга таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади ҳамда ўзларини очиқ, бағрикенг ва ташқи дунё билан мулоқотга очиқ кўрсатишади”.

Моҳиятан ушбу тушунча орқали сиёсий ёки ижтимоий жиҳатдан уюшган ва ўз фаолиятини қонун доирасида олиб бораётган ҳар қандай мусулмон гуруҳини жиноий жавобгарликка тортиш мумкин. У мусулмонлар томонидан бағрикенглик ёки очиқликнинг ҳар қандай ифодасини шубҳали деб белгилайди, чунки бу “ҳуқуқий исломий даъво” бўлиши мумкин.

Ушбу тушунчалардан асос сифатида фойдаланган ҳолда, штат ва федерал даражадаги турли институтлар фақат мусулмонларга оид “радикаллашувдан халос қилиш” дастурини яратишди.

Шундай дастурлардан бири сифатида Бавария профилактика ва радикаллашувга қарши курашиш тармоғи яқинда гўёки мусулмон эркаклар томонидан муслималарнинг эксплуатация қилинаётгани ҳақидаги ирқчилик белгилари акс этган “Салафий радикализми” номли видео ишлаб чиқарди.

Видео шу ойнинг бошида Бавария штати ҳукумати томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган бўлиб, ҳозирда консерватив Христиан социал иттифоқи (ХСИ) томонидан назорат қилинади.

Нашр қилиш тўғрисидаги қарор Германия расмийлари мусулмонларни жамият учун хавф деб билишини очиқ намоён этди.

Норозиликлардан сўнг лавҳа олиб ташланди ва Ички ишлар вазирлиги ОАВга баёнот бериб, “ғалаён ва тушунмовчиликлар” учун узр сўради ва видеода фақат “салафийлар” ҳақида гап борганини, умумий мусулмонлар қораланмаганини қўшимча қилди. Шунингдек, видеодаги баъзи саҳналари “қайта кўриб чиқилиши”га ваъда берди.

Бавария ҳукуматининг ушбу қарори баъзи шарҳловчилар томонидан видеонинг моҳияти нацистларнинг антисемитик ташвиқотига жуда ўхшашлигини айтганидан сўнг чиқарилди. Хусусан, соқолли, хунук қиёфали эркакнинг аёлни ютиб юбориши, фашистларнинг этник немисларни ютиб юбораётган яҳудий эркак ҳақидаги тасаввурларига жуда яқин.

Исроил-немис файласуфи Моше Зукерман ёзганидек, исломофобия – бу таърифлаб бўлмайдиган антисемитизмнинг проекциясидир.

Германиянинг эски антисемитизмида акс этган ҳис-туйғуларни энди давлатнинг фило-семитизмни расмий равишда қабул қилиши туфайли омма олдида ифода этиш мумкин эмас. Шунинг учун улар ўз ғазабларини исломофобия орқали билдиришмоқда. Яҳудийга қарши қилиб бўлмайдиган ишларни эндиликда улар мусулмонга қарши амалга оширишлари мумкин.

Бу ерда тарих параллели яширинган: ўта ўнг кучлар кўтарилади, натижада ирқчилик истерияси немис давлати ва жамиятига тарқалади. Тарих тўлиқ такрорланмаслиги, оммавий қирғин оммавий сургун билан алмаштирилиши мумкин. Чунки мамлакатда ўта ўнг “ремиграция” тушунчаси тез тарқалмоқда.

Турли тоифага мансуб, лекин исломофобия ҳаракати бўйича бирлашаётган немис сиёсатчилари, деярли бир аср олдин худди шунга ўхшаш ишни амалга оширган аждодлари қисматини унутмасликлари керак. Нафрат ҳеч қачон муваффақият стратегияси бўла олмайди.

Фарид Ҳафез, Жоржтаун университетининг “Тhe Bridge” ташаббуси бўйича етакчи тадқиқотчиси

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.