Исроил армияси Эрондаги ҳарбий нишонларга зарба берди
Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) 26 октябрь, шанбага ўтар кечаси Эрондаги номаълум ҳарбий объектларга жавоб ҳужуми уюштирилганини эълон қилди.
“Эрон режимининг Исроил давлатига бир неча ойдан бери давом
этаётган ҳужумларига жавобан Исроил мудофаа кучлари ҳозирда Эрондаги ҳарбий
объектларга аниқ
зарбаларини бермоқда”, — дейилади ЦАХАЛ баёнотида.
NBC News хабарига
кўра, Исроил нишонлари орасида Теҳрондаги казарма ва қурол омбори бўлган. Ўз навбатида, Fars
агентлиги ҳаво зарбалари нишони
Теҳрон жануби ва жануби-ғарбидаги ҳарбий базалар бўлганини хабар қилди.
Эрон давлат матбуоти ҳужум пайтида Теҳрондаги иккала
аэропорт ҳам “нормал режимда” ишлаганини хабар қилди. Бироқ кейинроқ расмийлар
ҳаво ҳудудини бутунлай ёпди. Irna давлат ахборот агентлигининг фавқулодда хизматлардаги
манбаларига таяниб хабар беришича, Теҳронда қурбонлар қайд этилмаган, пойтахтда
интернет бутунлай
узилган. Ироқ устидаги ҳаво ҳудуди ҳам бутунлай ёпилган.
Теҳрон ва пойтахтнинг шимолий чеккасидаги Караж аҳолиси камида еттита портлаш
овозини эшитган. Портлашлар манбаси номаълум, аммо Эрон давлат телевидениеси бу
ҳаво ҳужумидан мудофаа
тизимлари иши бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни намойиш қилди.
ЦАХАЛ:
Миссия бажарилди
Кейинроқ агентликлар маҳаллий ОАВга таяниб, Эрон пойтахти
марказида кучли портлаш ва “узоқ давом этган шовқин”, шунингдек, ҳаво ҳужумидан
мудофаа тизимлари ишлагани
ҳақида хабар беришди. ABC News хабарига
кўра, Исроил армиясининг Эрондаги нишонларга зарбалари давом этмоқда. Исроил
телеканаллари ўз манбаларига таяниб, Эронга ҳужумларнинг иккинчи тўлқини ҳақида
хабар бермоқда. Американинг Axios ахборот портали эса ҳужумларнинг иккинчи ва учинчи
тўлқини бўлганини маълум
қилди.
Channel 12
телеканалининг Эрон манбаларига таяниб хабар беришича, ҳужум қилинаётган
нишонлар орасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонлик пункти ҳам бор.
Шанба куни эрталаб Исроил армияси вакиллари Эрондаги
операция якунлангани ҳақида эълон қилди.
"Самолётимиз
уйга хавфсиз тарзда қайтди. Қасос
зарбаси якунланди, топшириқ бажарилди", дейилади ЦАХАЛ хабарида.
SANA:
Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Исроил ракеталарини тутиб олди
SANA Сурия
давлат ахборот агентлиги Суриянинг марказий ва жанубидаги ҳарбий объектларга
ҳаво ҳужумлари уюштирилгани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, “Исроил
томонидан босиб олинган Суриянинг Голан тепаликлари ва Ливан ҳудудларидан”
учирилган Исроил ракеталари Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан
тутиб олинган.
Шанба
куни эрталаб Сурия давлат телевидениеси Дамашқ яқинидаги қишлоқларда ва
мамлакатнинг марказий минтақасида ҳам портлаш овозлари эшитилгани ҳақида хабар
берган эди. Бироқ ЦАХАЛ баёнотида Суриядаги нишонларга ҳужум қилиш ҳақида ҳеч
нарса айтилмаган.