13.11.2024 14:26
88
Иқлим ўзгаришининг саломатликка хавфи рекорд даражага етди
Дунё бўйлаб глобал иқлим ўзгариши оқибатида инсон саломатлигига таҳдидлар рекорд даражага етди. Ҳар йили нашр этиладиган ҳамда иқлим ўзгариши муносабати билан аҳоли саломатлигининг ўзгарувчан ҳолатини кузатиш маълумотларини тақдим этувчи The Lancet Countdown (“Ортга санаш 2024”) ҳисоботида бу ҳақда сўз боради.
Ҳисобот Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Жаҳон метеорология ташкилоти (ВМО) ҳамда 57 та илмий муассасанинг 122 нафар етакчи эксперти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Ҳисоботга кўра, иқлим ўзгаришининг инсон саломатлигига таҳдиди билан боғлиқ 15 кўрсаткичдан 10 таси янги рекорд даражага етган.
2023 йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлиб, доимий қурғоқчилик, ҳалокатли иссиқлик тўлқинлари ва ўрмон ёнғинлари, бўронлар ва тошқинлар билан одамларнинг саломатлиги, ҳаёти ва турмуш тарзига фавқулодда таъсир кўрсатган.
Ўтган йили одамлар одатдагидан 50 кун кўпроқ вақт давомида соғлиқ учун хавфли экстремал ҳароратга дучор бўлишди ва кучли қурғоқчилик дунё қуруқлик майдонининг 48 фоизига таъсир кўрсатди.
65 ёшдан ошган одамлар орасида иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар 1990-йиллардаги даражага нисбатан ўтган йили рекорд даражада 167 фоизга ошди.
Бутун дунё бўйлаб одамлар пиёда ёки велосипедда юриш каби енгил очиқ ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланаётганда рекорд даражадаги иссиқлик стрессини бошдан кечирдилар. Юқори ҳарорат сабабли йўқотилган ишчи кучи миқдори 1990-1999 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 49 фоизга ошган ва 835 миллиард долларлик иқтисодий ҳажмга тўғри келади.
Охирги 10 йил ичида 1961-1990 йиллардаги ўртача кўрсаткичга нисбатан дунё қуруқликларининг 61 фоизида кучли ёғингарчилик ҳодисалари кўпайган. Бу сув тошқинлари, юқумли касалликлар ва сувнинг ифлосланиши хавфини оширган.
Бунга параллель равишда ортиб бораётган жазирама тўлқинлари ва қурғоқчилик 2022 йилда 124 мамлакатда 151 миллиондан ортиқ одамни озиқ-овқат билан боғлиқ жиддий муаммоларга дучор қилди.
Бу 2019 ва 2023 йиллар оралиғида экстремал об-ҳаво ҳодисаларидан жами йиллик иқтисодий йўқотиш 227 миллиард долларни ташкил қилди.
Тез ўзгарувчан иқлим чивинлар орқали юқадиган ўлимли юқумли касалликларнинг тарқалиши учун ҳам шароит яратди. Ўтган йили дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларида 5 миллиондан ортиқ денге безгаги касаллиги қайд этилган, бу рекорд даражада юқори.
Ҳисоботдаги янгиланган рақамлар ҳукуматлар ва компаниялар томонидан қазиб олинаётган ёқилғиларга сармоя киритилиши тарихдаги энг юқори даражага етганини кўрсатади, бу эса чиқиндиларни энг юқори даражага кўтарди, натижада йўқотишлар бутун дунё бўйлаб одамларнинг омон қолиш имкониятларини пасайтирмоқда.
Энергетика секторидан карбонат ангидрид чиқиндилари ҳам ўтган йили рекорд даражага етиб, 2022 йилга нисбатан 1,1 фоизга ошди.