Япония меҳмонхоналарида исроил* фуқароларидан тилхат олинмоқда
Киото шаҳридаги Wind Willa меҳмонхонаси исроил* фуқаросидан рўйхатдан ўтиш жараёнида ҳарбий жиноятларга алоқадор бўлмаганлигини тасдиқловчи тилхат ёзиб беришни талаб қилди.
TRT нашрининг ёзишича, воқеа исроиллик меҳмон паспортини регистрация бўлимида тақдим қилганида юз берган.
Дастлаб у бундай ҳужжатни имзолашдан бош тортган, бироқ кейинчалик, бу талаб нафақат исроилликлар, балки россиялик меҳмонларга нисбатан ҳам қўлланилишини билиб, розилик билдирган.
Меҳмонхона менежери бу чорани ўз хавфсизликларини таъминлаш учун зарур деб таърифлаб, улар кимни қабул қилишга ҳақлилиги ҳақида изоҳ берди. Тилхат матнида қуйидагилар келтирилган:
“Мен халқаро ва гуманитар ҳуқуқни бузувчи ҳеч қандай ҳарбий жиноятларда иштирок этмаганман; жумладан, фуқароларга (болалар, аёллар ва бошқалар) ҳужум қилиш, таслим бўлган ёки асирга олинган шахсларга нисбатан ўлдириш ёки шафқатсиз муомала қилиш, қийноқлар ёки ғайриинсоний муносабат, жинсий зўравонлик, мажбурий кўчириш, талончилик ёки шунга ўхшаш бошқа жиноятларда қатнашмаганман.
Шунингдек, мен ҳарбий жиноятларни режалаштириш, буюриш, кўмаклашиш ёки рағбатлантириш ишларида ҳеч қачон иштирок этмаганман. Мен келажакда ҳам халқаро ва гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш, ҳарбий жиноятларда ҳеч қандай шаклда қатнашмаслик мажбуриятини оламан”.
Хабарда айтилишича, худди шунга ўхшаш ҳолат Киотодаги бошқа бир меҳмонхонада ҳам юз бериб — исроил* фуқароси ҳарбий ҳаракатларда қатнашган бўлиши мумкинлиги эҳтимоли сабабли унга хизмат кўрсатишдан бош тортилган эди.