20.03.2024 10:23

Ғазоликлар устидан кулган француз газетаси фашистлар нашри билан тенглаштирилди

Таниқли америкалик яҳудий олим ва фаол Норман Финкелштейн Ғазода ҳукм сураётган очлик устидан кулган Франциянинг La Liberation газетасини нацистларнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги Der Stürmer нашри билан тенглаштирди.

"Франциянинг La Liberation чап қанот газетаси бу «карикатурани» бир неча кун олдин чоп этган. Бу менга нацистларнинг Der Stürmer нашри карикатурасини эслатди. Аввал Charlie Hebdo, энди Liberation. Агар “Илоҳий адолат” бу газета таҳририятини қувиб етмаса, дунёвий дорлар етиб боради, деб умид қилайлик. Der Stürmer [нацистлар] газетаси муҳаррири Нюрнбергда осиб ўлдирилганди”, - деб ёзади америкалик сиёсатшунос.

Аввалроқ қамал остидаги Ғазо секторида оч қолган фаластинликларни масхара қилган таниқли француз карикатурачиси Корин Рей ўзининг ишидан афсусда эмаслигини айтди. Рейнинг сўзларига кўра, расм Фаластиндаги очарчиликни масхара қилмайди, балки “фаластинликларнинг умидсизлигини таъкидлайди, Ғазодаги очарчиликни қоралайди”, бироқ айни пайтда “диннинг абсурдлиги устидан кулади”.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари карикатурани танқид қилиб, Исроил секторга инсонпарварлик ёрдамини киритмаётгани сабабли юз минглаб фаластинликлар очарчиликка дуч келаётгани боис уни «ирқчи», «ғайриинсоний» ва «нафрат қўзғатувчи» оммавий ифода намунаси деб атади.

Der Stürmer - фашистлар Германиясида 1945 йил февралигача чиққан ҳафталик журнал. Унда асосан яҳудийларга нисбатан нафрат уйғотувчи мақолалар, шиорлар ва карикатуралар чоп этилган. Урушдан кейин Нюрнбергдаги Халқаро ҳарбий трибунал газета таъсисчисини ўлимга, карикатурачини эса ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.