20.07.2024 17:35

Ғазо Ғарбни ўзгартиряптими?

Узоқ вақт давомида бизга Исроил махсус мақомга эга бўлгани боис Европа бўйлаб Фаластин ҳуқуқлари учун курашиш сиёсатда ютқизиққа сабаб бўлади, деб уқтиришди. Бироқ Исроил ва ғарб ўртасидаги бундай яқинлик фақат сиёсат эмас, балки бошқа сабаблар орқали мустаҳкамланган. Қўшма Штатлар, Буюк Британия ва Франция каби мамлакатларда Исроил тарафдорлари кучли сайловчилар сифатида хизмат қилиб келишади.

Пул, оммавий ахборот воситаларига таъсир ва бошқа нуфузли сиёсий ва диний доиралар билан иттифоқлар орқали лоббистлар кўпинча сиёсатчиларнинг келажагини белгилаб беришади.

Америка Исроил Жамоатчилик ишлари қўмитаси (AIPAC) Исроил тарафдорлари лоббисининг кучини намойиш этувчи ташкилотдир. АҚШ сайловларининг ҳар бир даври одатда AIPAC томонидан амалга ошириладиган номутаносиб сиёсий кучни намойиш этадиган воқеаларга бой кечади. Масалан, июнь ойида прогрессив вакил нью-йорклик демократ Жамаал Боуман Исроилпараст номзод томонидан ағдарилди. AIPAC Боуманни алмаштириш учун 15 миллион доллар сарфлаган.

Бироқ эндиликда лоббининг қўллаб-қувватлаши сиёсий муваффақият ёки муваффақиятсизлик кафолати эмас. Бунинг сабаблари – оддий америкаликлар орасида Фаластиннинг озодлик учун кураши ҳақида хабардорликнинг ошиши, баъзи илғор тоифа вакилларининг муваффақиятли қаршилик стратегияси ва Демократлар партиясининг ўзгариб бораётган сиёсий демографиясидир.

Исроилнинг Ғазони "йўқ қилиш" уруши -  Фаластин озодлигини халқаро масалага айлантирди. Оммавий ахборот воситаларининг ёлғон ахбороти ёки лоббистлар пули Исроилнинг бузилган обрўсини тиклашга ёрдам бера олмайди. Кўплаб исроилликлар ҳам буни англаб етишмоқда.

Даҳшатли уруш, Фаластин халқининг қатъияти ва глобал бирдамлик ҳаракатлари дунё бўйлаб кўплаб ҳукуматларни Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун кучлироқ позицияни эгаллашга ундайдиган туртки бўлиб хизмат қиляпти.

Яқинда бутун Европа бўйлаб ёйилган Фаластин давлатини тан олиш тўлқинлари бу ҳақиқатни тасдиқлайди.

Испаниянинг социалист бош вазири Педро Санчес Испаниянинг Фаластинни тан олиш билан боғлиқ қарорини "Фаластин халқининг қонуний интилиши учун тарихий адолат" билан боғлади.

Мамлакатнинг бош вазир ўринбосари Ёланда Диаз 23 май куни Испания "инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Фаластин халқининг қирғин этилишига чек қўйиш учун босим ўтказишни давом эттиради" деб айтди. Диаз ўз баёнотини "Дарёдан денгизгача, Фаластин озод бўлади" дея якунлади.

Агар бундай муносабат битта мамлакат билан чекланган бўлса, у давлат "радикал" истисно сифатида қаралади. Аммо Испания ҳозир биргина истисно эмас, балки битта мисол холос.

Франция сайловларининг расмий натижалари эълон қилинишидан олдин ҳам, "Бўйсунмас Франция" парламент блоки президенти Матилда Панот 7 июлда блок икки ҳафта ичида Фаластин давлатини тан олишини эълон қилди. Панотнинг эълонидаги қизиқарли жиҳат шундаки, у Фаластинни тан олишни рамзий ҳаракат деб ҳисобламаган, балки буни "биз Исроилга босим ўтказиш учун мавжуд бўлган воситалардан бири" деб таъкидлаган.

Франциядаги сўллар учун Фаластин масаласини қўллаб-қувватлаш жуда қизғин сайловлар даврида салбий омил бўлмаган. Балки бу уларнинг муваффақиятининг сирларидан бири эди. Ўнг ва ўта ўнг партиялар Ғазо урушидаги салбий позицияси туфайли сўлларни енгишга қатъият билан ҳаракат қилганига қарамай, улар жуда ёмон натижага дуч келишди.

Шунга ўхшаш вазият Буюк Британияда ҳам такрорланди. Консерваторларнинг Исроилнинг қатъий қўллаб-қувватлаши, салбий омил бўлмаса ҳам, бесамар бўлиб чиқди. Ғолиб бўлган Лейбористлар партиясининг баъзи Исроил тарафдорлари аъзолари ҳам мустақил номзодлар томонидан мағлубиятга учратилди ёки овозлари кескин тарзда камайтирилди.

Блекбурн шаҳрида Лейбористлар партиясининг Кейт Холлерни мағлуб этган мустақил Аднан Хусайн ўз баёнотида буни жуда яхши ифодалаган. "Мен сизнинг Ғазо халқига қарши амалга оширилаётган адолатсизликка нисбат фикрларингизни бизнинг "вакилларимиз" мағлубиятга учраган жойларда эшиттиришга ваъда бераман", деб ёзган у.

Европада Фаластин тарафида бўлиш ёки камида Исроилни қатъий қўллаб-қувватлашга қарши сиёсий ўзгариш ҳар кимнинг умид қилганидан ёки кутганидан анча тезроқ содир бўлмоқда.

Гарчи уруш бу жараёнда катта рол ўйнаган бўлса-да, келгуси йилларда бу ўзгариш янада кучайиши кутилмоқда, чунки Европа сайловчилари ўз ҳукуматларининг Исроилни кўр-кўрона қўллаб-қувватлашидан чарчаган. Улар ўзларининг демократик тизимларидан фойдаланиб, ҳукуматда ҳақиқий ўзгаришларни амалга оширган ҳолда, Фаластиннинг Исроил томонидан босиб олинишини тўхтатиш мақсадида чинакам сиёсат олиб бормоқдалар.

Масалан, Испания, Норвегия ва Ирландиянинг масъулиятли ҳукуматлари ўз халқининг хоҳиш-истакларига муносиб жавоб қайтармоқда. АҚШ каби гегемон мамлакатлар ўз сиёсатидаги нуқсонлардан барвақт огоҳ бўлиб, тўғри йўлни танлаши керак.

Рамзий Баруд, Al-Jazeera журналисти, сиёсий шарҳловчи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.