21.07.2025 18:30
191

Фаластин қаршилик ҳаракати Туркиядан ёрдам сўради

Фаластиннинг ҲАМАС қаршилик ҳаракати депутати Исмоил Абдулатиф ал-Ашкар Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга мактуб ёзди.

"Сиз шараф ва қадр-қиммат шаҳри бўлмиш Ғазо қандай қилиб бундай аҳволга тушиб қолганини яхши биласиз", дейилади мактубда. 

"Ҳатто энг ёмон тушларимизда ҳам умматимиз фарзандлари, қўни-қўшниларимиз, биродарларимиз томонидан бундай хиёнатни кўришимизни тасаввур ҳам қилолмасдик. Биз гўё бошқа сайёрада яшаётгандек, ғайриинсоний ёлғизлик ичида қолмоқдамиз. Биз бошдан кечираётган азоб-уқубатлар, изтироблар, ваҳшийликлар таърифлаб бўлмайдиган даражага етди. Фарзандларимизнинг кўз ўнгимизда очликдан ўлаётгани, уларнинг жажжи таналари парчаланаётганини қалбимиз энди кўтара олмайди.

Ҳурматли президент, биз сизга катта масъулият юклаётганимизни биламиз. Умматнинг юки оғир. Лекин сизга мурожаат қилишимизнинг сабаби, биз сизнинг адолатингиз, мазлумларни ҳимоя қилишингиз ва Фаластин масаласига содиқлигингизга ишонамиз.

Жаноб президент, менинг халқим очликдан қийналмоқда. Кўчаларда одамлар ҳушидан кетишмоқда. Портлашлар бир лаҳза ҳам тўхтамаяпти. F-35лар фарзандларимизни ҳаётдан олиб кетмоқда, ярадорларимизни йўқ қилмоқда ва ҳаётнинг сўнгги изларини ҳам ўчириб ташламоқда. Ўлимдан ташқари, очлик ҳар томондан бизни ўраб олди. Ушбу катта фалокат марказидан туриб сизга мурожаат қиламиз:

Илтимос, аралашинг. Кеч бўлмасдан ёрдам қўлини чўзинг. Ғазо болаларига ёрдам беришга шошилинг, улар мўл-кўлчилик асрида очликдан ўлмоқда.

Ким биродарига ёрдам берса, Аллоҳ унга ёрдам беради", дейилади  Исмоил Абдулатиф ал-Ашкарнинг Эрдўғонга мурожаатида.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.