08.05.2025 10:13
24

Европанинг олти давлати Исроил режаларини қоралади

Исландия, Ирландия, Люксембург, Норвегия, Словения ва Испания ташқи ишлар вазирлари Исроилнинг Ғазо секторида ҳарбий амалиётларни кенгайтириш ва у ерда доимий равишда қолиш ниятини кескин қоралаб, ушбу режалардан жиддий ташвиш билдиришди. Бу ҳақда уларнинг чоршанба куни эълон қилинган қўшма баёнотида айтилган.

"Биз, Исландия, Ирландия, Люксембург, Норвегия, Словения ва Испания ташқи ишлар вазирлари, Исроилнинг Ғазода ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириши ва у ерда доимий равишда қолиши ҳақидаги хабарлардан жиддий ташвишдамиз. Бу яна бир чегарани босиб ўтиш, хавфли янги кескинлик ва икки давлат тамойилига асосланган ечимнинг барча имкониятларини хавф остига қўяди", — дейилади баёнотда.

Олти вазир Ғазодаги ҳар қандай янги ҳарбий эскалация фаластинлик тинч аҳоли учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши ва гаровга олинганлар ҳаётини хавф остига қўяди, дея таъкидлади.

"Биз Ғазода ҳар қандай демографик ёки ҳудудий ўзгаришларни қатъий рад этамиз, айниқса, аҳолини мажбурий кўчиришга олиб келувчи ҳаракатлар халқаро ҳуқуқни бузиш ҳисобланади", — дейилади баёнотда. Ғазо — Фаластин давлатининг ажралмас қисми экани алоҳида таъкидланди.

Дипломатлар икки ойдан ортиқ вақт давомида Исроил томонидан гуманитар ёрдам ва тижорат юкларининг тўсилиши, блокадасини кескин қоралади ва бу чораларни дарҳол бекор қилишга чақирди.

"Биз Исроилни бу блокадани дарҳол бекор қилишга чақирамиз", — дейилади баёнотда.

Охирида вазирлар барча томонларни сабр-тоқат ва оловни тўхтатишга чақириб, икки давлат асосидаги ечимга содиқликларини қайд этдилар.

Жаҳон банки маълумотига кўра, Ғазода тахминан 2,4 миллион киши тўлиқ гуманитар ёрдамга муҳтож. 2024 йил 2 мартдан бери Исроил Ғазога озуқа, дори-дармон ва бошқа ёрдамларнинг киришини бутунлай тўхтатган. 2023 йил октябридан буён Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатида 52 600 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардан иборат.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.