Эрон иқтисоди қуламоқда, режим эса кучайиш илинжида
Эрон собиқ президенти Ҳасан Руҳонийнинг собиқ маслаҳатчиси Масъуд Нилининг таъкидлашича, мамлакат бугун тараққиётдан тўхтаган. Иқтисоди эса бутунлай вайрон бўлган. Агар туб ислоҳотлар амалга оширилмаса, вазият бунданда мураккаблашиши мумкин.
Собиқ мулозимга кўра, ҳозирда мамлакатда инфляция даражаси 50% га етган. Инвестициялар деярли бутунлай тўхтаган, аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончи қолмаяпти. Нили шунингдек, бу омиллар тизимли инқирозни кучайтириб, мамлакатни ҳалокат ёқасига олиб келишидан хавотир билдирган.
Аҳоли қашшоқликда кун кечиришга мажбур бўлмоқда. Солиқлар 53% га оширилган, дори-дармон нархлари эса сўнгги йилларда 400% га қимматлашган. Минимал иш ҳақи даражаси эса қашшоқлик чегарасидан уч баравар паст.
Мамлакатда оғир вазият вужудга келган бўлса-да, ҳукумат ўз қудратини мустаҳкамлашга катта маблағ сарфлаяпти, дейди собиқ маслаҳатчи.
Унинг айтишича, Ислом инқилоби соқчилари корпуси учун ажратилган бюджет кўпайтирилмоқда. Парламент аъзолари эса, яқин келажакда сув, электр энергияси ва интернет таъминотида жиддий узилишлар бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.