01.11.2024 10:28

ЕИда мусулмон бўлиб яшаш тобора қийинлашмоқда – сўров

ЕИ асосий ҳуқуқлар агентлиги (FRA) ҳисоботига кўра, Европадаги мусулмонлар “ирқчилик ва дискриминация даражаси ошиб бораётгани”га дуч келмоқда. Бу тенденция Ғазо секторида давом этаётган геноцид билан боғлиқ ҳам боғлиқ.

Ҳисоботда қайд этилишича, Европа Иттифоқидаги деярли ҳар икки мусулмондан бири кундалик ҳаётида шундай муаммоларга дуч келмоқда. Бу 2016 йилги сўровда аниқланган 39 фоизлик кўрсаткичдан анча кўп.

2021 йилнинг октябридан 2022 йилнинг октябригача бўлган даврда FRA Евроиттифоқнинг 13 давлатидаги 9600 нафардан ортиқ мусулмонлар орасида ўтказган сўров якунларига кўра, бундай камситиш ҳолатларининг энг юқори кўрсаткичлари Австрия, Германия ва Финляндияда қайд этилган.

Қайд этилишича, Европа Иттифоқида туғилган ёш мусулмонлар ва диний либос кийган аёллар, айниқса, меҳнат бозорида камситишларга кўпроқ мойил бўлиб, бу ерда ҳар беш мусулмондан иккиси ёки 41 фоизи ўз ишлари учун талаб қилинадиган малакадан юқори малакага эга, умумий аҳоли ўртасида бу кўрсаткич 22 фоизни ташкил этади.

Юқори малакали лавозимларга қабул қилишдаги бу қийинчиликлар занжир эффектини ҳосил қилиб, "ҳаётнинг бошқа соҳалари, масалан, уй-жой, таълим ёки соғлиқни сақлашга ҳам таъсир қилади". Сўровда қатнашган мусулмон уй хўжаликларининг учдан бир қисми ўз эҳтиёжларини қондиришда қийинчиликларга дуч келаётганини маълум қилган. Умумий уй хўжаликларида бу кўрсаткич 19 фоизни ташкил этади.

FRA директори Сирпа Раутионинг таъкидлашича, Европада мусулмонларга қарши ирқчилик ва камситиш ҳолатлари даҳшатли даражада кучайган ва бу Яқин Шарқдаги можаролар фонида янада кучайган.

Тадқиқот ҳаммуаллифи Вида Бересневисиуте ҳам ҳисобот “мусулмонлар аҳволи ёмонлашаётганини” исботлашини ва “Европа Иттифоқида мусулмон бўлиб яшаш тобора қийинлашиб бораётганини” тан олди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.