28 сентябрь куни Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати етакчиси Саййид Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилгани эълон қилинди. Эртаси куни тонгда Миср газеталаридан бири ушбу хабарни эълон қилаётган сухандоннинг суратини ўз саҳифасида чоп этди. Сухандон ҳалок бўлган қўмондоннинг оқ-қора суратига қараб турар, яноқларида мотам кўз ёшлари ялтирарди.

Мазкур хабар остига ўз изоҳини қолдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири эса “Бугунги кунда мазҳаблар эриб улгурди. Биз учун фақатгина икки йўл қолди: ё қаршилик аъзоси бўламиз ёки сионист, вассалом!” деб ёзган.

Исроилнинг қатлиомлари қаршисида бизнинг туйғуларимизни акс эттирувчи садолар фақатгина бу эмас. Бундан ташқари билишимиз керак бўлган бошқа нарсалар ҳам бор. Яқин орада бошимдан кечирган воқеалар мени бу ҳақда фикр юритишга мажбур қилди.

Мен араб мамлакталаридан бирида ўтказиладиган конференцияга чақирилдим. Ушбу сафар асносида меҳмонхонада Ғазога оид хабарларни турли ахборот каналлари орқали кузатар эканман мавжуд манзарадан ҳайратландим. Бу ерда мен кузатмоқчи бўлган ахборот манбаларига тўсиқ қўйилган эди. Ахборий жонли эфир фақатгина битта телеканал билан  чекланган эди.

Менда бошқа танлаш имкони йўқ бўлгач, тўрт кечамни мана шу канални кузатишга мажбур бўлдим. Ажабланарлиси ушбу каналдаги барча ахборот ва репортажлар Исроил нуқтаи назаридан ёритилаётган эди. Пропагандачилар Фаластин қаршилик ҳаракатини қоралашдан нарига ўтишмасди.

Шу сабабли ҳам Қоҳирага қайтиб, бошқа каналларни эмин-эркин кузатишни бошлаган пайтим истар-истамас даҳшатга тушдим. Ўзимни бир дунёдан бошқа дунёга кўчиб ўтгандек ҳис қилдим. Кўп ўтмай мен ҳаракат ва изланишларим натижасида халқаро медиа майдонида Исроилнинг таъсири катта эканини пайқадим. Сионистларга ҳамкор ОАВларнинг мусулмонларга зарари ҳам шу қадар жиддий экан.

Аслида мени қўрқитаётган нарса бундай минбарларнинг кўплиги эмас. Чунки ахборотларни таққослаб, асл вазиятни тасаввур қилишимиз мумкин. Аксинча, бошқа холис ахборот манбаларига йўл берилмаслиги, маълумотларни параллел талқин қилишнинг имконсизлиги инсонларни ясама сиёсий қашларга тобе қилиб қўймоқда.

Шу ўринда кибр ва сархушлик оғушида айтилган баъзи иддаолар ҳам бор: Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мусулмонларга қақшатқич зарба бериб, устунликни қўлга киритганини таъкидлашдан чарчамаяпти. Гўёки, Нетаньяху ўзини бу дунёда унинг ваҳшийликларига тўсқинлик қиладиган ва ҳаддини билдириб қўядиган бирор куч қолмаганидек тута бошлади. Бундан ташқари, у Яқин Шарқ харитаси қайта чизилишини айтишдан ҳам тап тортмаяпти. Шубҳа йўқки, Нетаньяхунинг “эркаликлари”ни бевосита Америка пропаганда механизмлари қўллаб-қувватламоқда. У “Ал-Ақсо тўфони” операциясидан сўнг эълон қилган стратегик мақсадларига эришолмаслигига қарамай, мақтанишда давом этмоқда. Ишғолчи кучларнинг қўлидан келгани ўн минглаб бегуноҳ фаластинликларни ўлдириш, хоинлар ёрдамида Исмоил Ҳония ва Ҳасан Насруллоҳга суиқасд уюштириш бўлди. Аслида эллик мингга яқин мусулмонни қирғин қилган террор давлати халқаро ҳамжамият томонидан жиддий жавобгарликка тортилиши керак эди. Яна бир жиҳати, ушбу жиноятлар бевосита АҚШ технологияси ва бемисл ёрдами орқали амалга оширилди.

Чиндан, шиа ҳаракати етакчиси Саййид Насруллоҳнинг ўлдирилиши қаршилик ҳаракатлари учун қаттиқ зарба бўлди. Лекин “Ҳизбуллоҳ” бу йўқотиш таъсиридан тезда чиқиб кета олди. Кўп ўтмай Исроил кучлари билан юзма-юз келди ва ишғол ҳарбий объектларини нишонга олди. Қолаверса, “Ҳизбуллоҳ”нинг ракета ҳужумлари чегара бўйлаб эмас, Исроил ҳудудидан юз километр ичкарига йўналтирилди.

Кўплаб мусулмонлар шиа ҳаракатининг Сурия ва бошқа ҳудудларда яшовчи суннийларга қарши тажовузларини унутолмайди. Лекин ҳозирги пайтда биз бу жамоанинг ҲАМАС ва фаластинликларга ёрдам бераётганини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Худди шундай Эрон билан қайсидир масалада ихтилоф қилишимиз, зиддиятга боришимиз мумкин, бироқ Фаластин масаласида форс давлатини айблашимиз ноўрин. Айниқса, уммат заифлашиб, зулм остидаги биродарларига арзирли ёрдам бера олмаётган бир пайтда...

Бундан ташқари, Тель-Авив ўзининг ғаразли мақсадига эришиш йўлида ўнлаб йиллар давомида араб дунёсига уларнинг асл душмани Исроил эмас, Эрон эканлигини уқтириб келди. Шунингдек, суннийлар ва шиалар ўртасидаги зиддиятларни кучайтириш учун тинмай ҳаракат қилди.

Масаланинг бошқа томонига назар ташласак, сионистларнинг шиа ҳаракати ичигача кириб бора олгани ишғол тузуми ғалаба деб атаётган жиноятларини амалга оширишига катта ёрдам беряпти. Айниқса ярим асрдан бери Исроилнинг тажриба майдонига айланган Байрутдаги воқеалар бунга яққол мисол бўлади.

Шу ўринда мусулмонлар ҲАМАС ҳаракати раҳбари Яҳё Синвардан миннатдор бўлиш лозим. Чунки Синвар ўз вақтида душманини яхши таниб, 1988 йилда – ҳибсга олинишидан аввал ҳаракат хавфсизлик тизимини ишлаб чиқди ва мусулмонлар сафини хоинлардан тозалашга катта аҳамият берди. Бу чора яҳудий давлатининг ҲАМАС ичкарисига узатилган қўлларини чопди ва қаршилик ҳаракатининг энг қалтис вазиятларда муваффақиятга эришишини таъминлади.

Ҳозирда Исроилни радикал ўнгчилар бошқараётгани барчага маълум. Уларнинг юзи бўлмиш Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир буйруғи билан икки юз мингдан зиёд қурол-яроғ Ғарбий Соҳилдаги яҳудийларга тарқатилгани ҳам буни тасдиқлайди. Ачинарлиси, бу ишда сионистларга Фаластин ҳукумати кучлари кўмаклашган.

Оқибатда жазавага тушган яҳудий радикалларининг Фаластин қишлоқларига ҳужуми икки бараварга ошган. Исроил расмийлари эса Нилдан Фуротгача бўлган “арзи-мавъуд – ваъда қилинган ер”ни эгаллаш тўғрисидаги ўй-хаёлларини жамоатчиликдан яширмаяпти. Шу боис “Ал-Ақсо тўфони” операцияси Исроилнинг “Тавротчи” партияларини жунбушга келтирди.

Босқинчилар ўзларининг махфий режалари устида изланишлар олиб бориб, уларни молиялаштирмоқда. Ҳозирда сионистлар Кўрфаз минтақасига кўз тиккан ҳамда бу ерларга эгалик қилиш учун ҳудуд аҳолисини бошқа мусулмонлардан бегоналаштириш сиёсатини юргизмоқда.

Бу эса бизни Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилишига бошқа томондан қарашга ундайди. Эътиборлиси, ушбу суиқасд Исроилнинг ҳарбий, стратегик ҳамда разведка салоҳиятини ерга урган ҳамда сионистларнинг ахлоқий қиёфаси нақадар жирканчлигини фош этган “Ал-Ақсо тўфони” дан қарийб бир йил ўтиб уюштирилди. Шу вақт мобайнида фаластинликлар босқинчиларга қарши матонатли кураш олиб боришди. Мазкур ҳолат Исроил террор давлатининг мавжудлигига таҳдид сола оладиган янги авлод дунёга келганидан дарак берди.

Шу боис фашистлар муаммо ҲАМАСда эмас, фаластинликларнинг мавжудлигида деган қарорга келишди. Улар Осло келишувини бузиб, Ливия билан ўзаро денгиз чегараларини белгилаб олиш битимини бекор қилишди ва фаластинликлар билан келишишга олиб борувчи барча йўлларни беркитишди. Сионист расмийларининг сиёсий нутқларида икки давлат ўртасида келишувга эришиш ҳақида мутлақо гапирилмаётгани ҳам бунинг нишонасидир.

Исроилнинг Ғазо, Рафаҳ ва Ғарбий Соҳилда амалга ошираётган геноциди ҳамда Байрутнинг жанубига ҳужуми фашистлар босқинининг сўнгги босқичи эмас. Улар “Ҳизбуллоҳ”ни кучдан қолдиришни, Ироқ ва Жанубий Ямандаги қаршилик овозларини ўчиришни исташади. Эрон ушбу занжирнинг сўнгги ҳалқаси бўлиб, унга бериладиган зарба қаршиликнинг молиявий ҳамда ҳарбий таъминотини узиш дегани. Агар бу амалга ошадиган бўлса, нафақат қаршилик кучларига зарар етади, балки Эроннинг ядровий дастури ҳам охирига етмай қолади. Оқибатда на бирлашиш чақириғи янграйди ва на Исроил жиноятларига яраша жазо олади. Араб дунёси бўлса ўзининг томошабинлик ўриндиғига қайтиб, сионистларнинг баъзи ҳаракатларини тилда қоралашдан нарига ўтмайди. Лекин ишончим комил, босқинчилар ўз мақсадига эришса, бугун томошабин бўлиб ўтирган араб диёрларидаги мусулмонлар бошига ҳам фаластинликларнинг куни тушади.

 Фаҳми Ҳувайди, мисрлик ёзувчи ва журналист

Мавзуга алоқадор