04.04.2024 13:31

Бомбаланаётган Ғазо: 181-куннинг асосий воқеалари

Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 181 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.

▪️ Босқинчилар Рафаҳ, Дайр ал-Балаҳ ва Хон Юнисга ҳужум қилди. Кун давомида 5 та оммавий қирғин содир этди, бунинг натижасида 62 киши шаҳид бўлди, 91 киши яраланди.

▪️ Қирғинбарот бошланган 7 октябрдан буён Исроил ҳужумлари натижасида жами 32 975 фаластинлик, жумладан, 14280 нафар бола ва 9340 нафар аёл ҳалок бўлди, 75 668 киши жароҳатланди.

▪️ Исроил армияси ҳужумлари натижасида Ғазода яна икки журналист – “Қуддус овози” радиоси бошловчиси ва муҳаррири Муҳаммад эс-Саййид Абу Саҳил ҳамда рақамли контент муҳаррири Тариқ эс-Саййид Абу Саҳил ҳалок бўлган. Бу билан 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторида ҳалок бўлган журналистлар сони 140 нафарга етди.

▪️ Ғарбий Соҳилда босқинчилар Женин, Байтлаҳм ва Халил лагерларига бостириб киришди. Женинда қаршилик кучлари босқинчиларга қарши иккита портловчи мосламани ишга туширди.

▪️ Ал-Қасам бригадалари: Киссифим, Сдерот ва Нирамга ракета зарбасини бердик.

▪️ ЮНРВА: Исроил Ғазо шимолига озиқ-овқат етказиб беришни тўсиб қўйишда давом этмоқда.

▪️ Human Rights Watch: Октябрь ойи охирида Исроил армиясининг турар-жой биносига уюштирган ҳужумида 106 фаластинлик ўлдирилганини текширдик. Шубҳасиз, бу уруш жинояти.

▪️ Исроиллик гаровга олинганларнинг оилалари Исроил парламентида норозилик намойиши ўтказди. Деразаларга бўёқ суртиб, Кнессет аъзоларига ўз талабларини бақирган намойишчилар ҳукуматни ҲАМАС қўли остидаги яқинларини озод қилиш учун чора кўришга чақирди.

▪️ Жаҳон банки ва БМТнинг қўшма ҳисоботида октябрдан январгача бўлган даврда Ғазо инфратузилмасига етказилган зарарлар қарийб 18,5 миллиард долларга баҳоланаётгани маълум қилинди.

▪️ Бир қанча мусулмон ташкилотлари Жо Байденнинг Исроилни қўллаб-қувватлаган сиёсатига норозилик сифатида Оқ уйда ташкил этилган ифторни бойкот қилиб, президент қароргоҳи ташқарисида ўз ифторликларини уюштирди. Тадбир “Оқ уйнинг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги халқ ифтори” деб номланди.

▪️ Уруш бошланганидан буён Туркия Ғазога 42 минг тонна инсонпарварлик ёрдамини юборди. Умумий ёрдамнинг 23 фоизини етказган Туркия БААдан кейинги иккинчи давлат бўлди.

▪️ АҚШ президентининг Яман бўйича махсус вакили Тим Лендеркинг Қўшма Штатлар ҳусийлар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатса, уларни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан олиб ташлаши мумкинлигини билдирди.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.