10.01.2025 15:10

Байден Трамп келгунича Исроилга 8 млрд долларлик қурол-яроғларни бериб қолмоқчи

Дам олиш кунлари Байден маъмурияти Конгресни Исроил билан 8 млрд долларлик қурол савдоси бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабардор қилди. Шартномадан ҳаво ракеталари, 500 фунтли (227 кг) бомбалар ва бошқа қуролларни етказиб бериш ўрин олган.

"Президент Исроилнинг халқаро ҳуқуқ ва халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ ўз фуқароларини ҳимоя қилиш, Эрон ва унинг вакил ташкилотлари тажовузини тўхтатиш ҳуқуқига эга эканини аниқ таъкидлади. Биз Исроил мудофааси учун зарур бўлган имкониятларни тақдим этишни давом эттирамиз", - деди АҚШ расмийси Axios нашрига.

Мазкур хабар Халқаро Амнистия ва Инсон ҳуқуқлари кузатув ташкилоти Исроил Ғазода геноцид содир этаётгани ҳақидаги ҳисоботларини эълон қилганидан бир неча ҳафта ўтиб янгради. Ўтган ой давомида Исроил армияси Шимолий Ғазода журналистларни ўлдиргани ва қолган саноқли касалхоналарни вайрон қилгани ҳақида янгиликлар тарқалди. Янги йилнинг дастлабки тўрт кунида эса Исроил 234 нафардан ортиқ фаластинликни ўлдиргани хабар қилинди.

Яқинда “Нью-Йорк Таймс” газетасига берган интервьюсида давлат котиби Энтони Блинкен геноцид содир бўлаётгани ҳақидаги фикрни рад этди ва Байден маъмуриятининг минтақадаги фаолиятини ҳимоя қилди.

"Ҳар ким фактларга қараб, улардан ўз хулосаларини чиқариши керак. Менинг хулосаларим аниқ. Ўйлайманки, бу даҳшатли азоб-уқубатлар – Исроил, Фаластин аҳолиси ва бошқа кўплаб одамларнинг жароҳатланиши ортида ҳам бошқача ва яхшироқ келажак истиқболларини таклиф этадиган нур бор", деди Блинкен.

"Бу йўқотилган ҳаётларни қайтармайди, – дея давом этди у. – Бу Ғазодаги болаларнинг ота-оналарини ёки 7 октябрда яқинларини йўқотган исроилликларга уларни қайтармайди. Аммо у бошқа йўлни таклиф қилади. Ва биз бунинг учун пойдевор яратиш йўлида жуда кўп иш қилдик".

Блинкеннинг таъкидлашича, АҚШ Исроил ҳукумати ва ҲАМАС ўртасида ниҳоят ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориш арафасида ва бу келишув яқин икки ҳафта ичида амалга ошиши мумкин. Дональд Трамп 20 январь куни Оқ уйга қайтишидан олдин исроиллик гаровга олинганлар озод қилинмаса, Яқин Шарқда "дўзах азоблари" бўлишини очиқ эълон қилди. Аммо бу таҳдиднинг нималарга олиб келиши ҳозирча номаълум.

Янги қурол битими инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Фаластин тарафдорлари томонидан дарҳол танқид қилинди.

"Агар президент Байден ҳақиқатан ҳам ушбу янги 8 миллиард долларлик қурол савдосини маъқуллаган шахс бўлса, у Нетаняху билан бирга Гаагадаги камерага қамалиши керак бўлган ҳарбий жиноятчидир", – деди CAIR миллий ижрочи директори Ниҳад Авад ўз баёнотида. – Агар Энтони Блинкен, Бретт Мак-Гурк, Жейк Салливан ва бошқа ёрдамчилар бундай номаъқул қарорларни сояда турган президентлар сифатида қабул қилаётган бўлсалар, маъмуриятдаги ҳар қандай виждонли одам уларнинг ҳокимиятни суиистеъмол қилишлари ҳақида ҳозироқ гапириши керак".

"Байден ўз бошқарувининг сўнгги кунигача Исроилни қуроллантириб ва қўллаб-қувватлаб келди, – деб ёзди Drop Sites News мухбири Муртазо Ҳусайн. – Ҳеч қандай ички ёки халқаро танқид ёки босим бу сиёсатдан ҳатто кичик четга чиқишга ҳам олиб келмади".

"Ҳукуматимиз геноцидни молиялаштиришни ҳамма нарсадан устун қўйди, – деди яна бир журналист Нина Тёрнер. – Бу қатъиян қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат".

Янги қурол битими Сенат ва Вакиллар палатаси томонидан тасдиқланиши керак, аммо Конгресс Исроилнинг Ғазога ҳужумини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ноябрь ойида сенатор Берни Сандерс (Вермонт штатидан мустақил вакил) АҚШнинг Исроилга айрим қуролларни сотишига қарши қўшма норозилик қарорларини киритди, бироқ унинг бу ҳаракати ҳамкасбларининг аксарияти томонидан қатъий рад этилди.

"Барча бу қурбонлар ва вайронгарчиликлар АҚШ солиқ тўловчилари ҳисобидан қўллаб-қувватланмоқда. [АҚШ] сўнгги вақтларда Исроилга 18 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатди ва 50 минг тоннадан зиёд қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника етказиб берди", – дея овоз беришдан олдин журналистларга маълум қилди у. – Бошқача айтганда, биз америкаликлар ҳам бу ишда айбдорлармиз”.

Браун университетининг "Уруш харажатлари" лойиҳасига кўра, АҚШ ҳукумати 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумидан бери Исроилга ҳарбий ёрдам учун камида 17,9 миллиард доллар сарфлаган. 2024 йил август ойида Исроил Мудофаа вазирлиги Байден маъмурияти мамлакатга 50 минг тоннадан ортиқ қурол ва техника юборганини маълум қилди.

 

 

 

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.